23.06.2025 17:30
40

Таҳлил: Туркия демографик инқироз ёқасида(ми?)

Туркия ҳукумати хавотирда: мамлакатда туғилишлар сони тобора камайиб бормоқда. Расмий маълумотларга қараганда, 2001 йилда ялпи туғилиш коэффициенти 2,38 эди, 2024 йилга келиб эса бу кўрсаткич 1,48 га тушиб қолди. Яъни бир аёл репродуктив даврида туққан болалар сони икки нафарга ҳам етмаяпти. Маълумки, туғилишнинг камайиши бир қатор демографик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, иш кучи қисқаради, кексалар сонининг ортиши ижтимоий таъминот тизимига юкламани оширади.  

Ҳозир Туркия аҳолиси 86 миллион атрофида. Мутахассисларнинг прогноз қилишича, 2050 йилгача аҳоли сони 93-94 миллионга етади. Ундан кейин эса камайиш бошланади ва 2100 йилда Туркия аҳолиси 77 миллионга тушиб қолади. Туғилишнинг камайиши аҳолининг қариб бориши дегани ҳамдир: Туркия статистика идорасининг тахминича, 2100 йилда аҳолининг ўртача ёши 52,2 бўлади.  

Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон анчадан бери ҳар бир оиладан камида уч нафар фарзандли бўлишни сўраб келади. Статистика эса давлат раҳбарининг илтимоси инобатга олинмаётганини кўрсатмоқда. Ҳукумат шошилинч чоралар кўришга киришди: 2025 йил Оила йили деб эълон қилинди, ёш болали оналарга ҳамда турмуш қураётган ёшларга моддий ёрдам кўрсатиш бошланди ва ҳоказо. 
Хўш, Туркияда туғилиш нега камайиб кетяпти? Бу саволга жавоб топиш учун бир қатор ижтимоий-иқтисодий ҳолатларни таҳлил қилиш зарур. 

Урбанизация аҳоли сони камайишига олиб келадими?

1950 йилда Туркия аҳолисининг қарийб 25 фоизи шаҳарларда яшар эди. ХХ асрнинг иккинчи даврида қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши ва урбанизация (шаҳарлашиш) жараёни кучайди. Ҳозирга келиб мамлакат аҳолисининг 67,2 фоизи зич шаҳарларда яшайди, бу шаҳарлар эса мамлакат ҳудудининг атиги 1,6 фоизини эгаллайди. 

ХХ аср бошларида америкалик демограф Уоррен Томпсон демографик ўтиш босқичлари ҳақида гапириб, охирги – замонавий босқичда индустриализация, урбаниязация, таълим сифатининг яхшиланиши ва яна бошқа бир қатор омиллар натижасида туғилиш ҳам, ўлим ҳам камайишини, яъни аҳоли сонининг қисқаришини айтган эди. 

Шаҳарлашиш кўп қаватли уйлар сонининг кўпайиши ва айни пайтда одамлар учун яшаш майдонининг камайиши дегани. Туркияда ҳам шундай бўлди: кичкина хонадонларда яшайдиган оилалар сони ортиб, анънавий оила структруаси ўзгарди ва нуклеар, яъни ота-она ва оз сонли фарзандлардан иборат кичик оилалар сони кўпайди. 

Шаҳарда яшаш кўпроқ харажатни талаб қилади: уй-жой, бола парвариши, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳоказолар учун кўпроқ пул сарфланади. Оқибатда оилалар фарзандлар сонини режалаштиришга ўтади. Статистика ҳам бу фикрни тасдиқлайди: 2009 йилда Туркияда ҳар оила ўртача 4 кишидан иборат бўлган, 2024 йилда эса 3,1 нафардан иборат бўлди. Мамлакатнинг 81 вилоятидан 39 тасида бир оиладаги кишилар сони 3 нафарга ҳам етмайди. 

Ўқимишли аёллар камроқ туғадими?

Ҳа, Туркиядаги статистик маълумотлар аёлларнинг таълим-ўқимишлилик даражаси ортгани сайин улар камроқ туғишини кўрсатмоқда. Масалан, 2024 йилда олий таълим олмаган ҳар онага ўртача 2,65 нафар фарзанд тўғри келган бўлса, олий таълим олган оналарда бу кўрсаткич 1,22 ни ташкил этди. 

Таълим, иш каби омиллар туғиш ёшининг кечикишига ҳам олиб келади. 2001 йилда туркиялик аёллар илк фарзандини 20-24 ёшда дунёга келтирар эди, 2024 йилга келиб эса бу кўрсаткич 25-29 ёшни ташкил этди. 
Университетни битириб, қўлига дипломини олган қиз-аёлларнинг ишлагиси келади албатта. Умуман олганда, ишламоқчи бўлган аёллар орасида кимдир оиласига ёрдам беришни хоҳлайди, кимдир эса моливий-моддий жиҳатдан мустақил бўлишни (“Эримнинг қўлига қараб қолмай” деб) ўйлайди. Сўнгги маълумотларга қараганда, туркиялик аёлларнинг 32,6 фоизи ишлайди. Ҳукумат бу кўрсаткичдан қониқмаётган кўринади, чунки ишлайдиган аёллар улушини 2028 йилгача 36,2 фоизга етказмоқчи. 

Аёл бечора ишласинми ёки туғсинми?..

Истанбул университети профессори, социолог Мурат Шентуркнинг фикрича, таълим олиш ва бандлик қанчалик қўллаб-қувватланса, бола парваришлашга қаратилган ёрдамлар ҳам шунчалик кўпайтирилиши зарур. Ана шундагина оилалар биттадан кўп фарзанд кўриш ҳақида ўйлай бошлайди. 

Ўз аравангни ўзинг торт

Масалага ижтимоий-маданий жиҳатдан ҳам қараш фойдадан холи бўлмайди. 

Туркияда, айниқса, шаҳарларида ёшлар турмуш қурганидан кейин алоҳида яшай бошлайди. 

Оила қуришда асосий оғирлик кўпроқ куёв томонга тушади: уй топиши, ичини тўлдириши, келинга тилла ёки тилла тақинчоқлар бериши керак. Келин томон “Ижара уй эмас, ўзингизнинг уйингиз бўлсин”, деса, иш янада қийин. 

Шунинг учун ҳам йигитлар аввал ишлаб, иқтисодий жиҳатдан ўзларини тиклаб олишни, уйланганидан кейин ўз аравасини ўзи тортишига тўғри келишини ўйлайди. Оёққа туриб олиш эса вақт талаб қилади, қарабсизки, йигитнинг ёши ўттизга яқинлашиб қолади, ҳатто ундан ўтиб ҳам кетади.   

Муҳаммад Шариф

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.