12.11.2024 06:40
Таҳлил: Аксарият мусулмон давлатлари Исроил билан савдо алоқаларини кучайтирган
Ирландия, Испания, Бельгия, Словения ва бошқа давлатлар Европа Иттифоқидан фаластинликларнинг қирғин қилиниши сабабли Исроил билан савдо алоқаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилаётган бир пайтда, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида яҳудий давлатининг араб мамлакатлари ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо бошқа 14 давлат билан савдо алоқалари ўсиб бормоқда. Бу Исроилни қўллаб-қувватловчи мамлакатлар маҳсулотларини бойкот қилиш ҳақидаги оммавий чақириқларга зид ҳолат. Аслида сионистларнинг маҳсулотларини бойкот қилиш, шубҳасиз, катта аҳамиятга эга. Маълумотларга кўра, 19 та мусулмон давлатининг мазкур товарлар импорти ҳажми 2,3 миллиард долларга баҳоланган.
Ирландиядаги йирик партиялар Фаластин ҳудудида қурилган ноқонуний кўчманчи яҳудийларнинг аҳоли пунктларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлашни таклиф қиляпти. Ирландия Исроилнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, рўйхатда 8-ўринни эгаллайди.
Афсуски, биз Мисрдаги сиёсий партиялар Ғазодаги уруш фонида Қоҳиранинг Тель-Авив билан савдо ҳажмини оширгани ва Исроил қишлоқ хўжалигидаги йўқотишларни қоплаш мақсадида сионистларни сабзавот ва мевалар билан таъминлаётганига қарши лом-мим деганини эшитмадик. Бундан ташқари, Миср ушбу давр мобайнида фашистларга цемент етказиб бериш ҳажмини оширган.
Фақатгина Туркия жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Исроил билан савдо алоқаларини буткул узмаган бўлса-да, импорт қийматини 32 фоизга, экспорт ҳажмини эса 15 фоизга пасайтирган. Туркия Исроил маҳсулотлари мижозлари рўйхатида ўтган йилги 10-ўрнидан сўнгги тўққиз ойда 17-ўринга тушиб қолган бўлса, сионистлар таъминотчиси сифатидаги мавқейи 5-ўриндан 13-ўринга ўзгарди. Шунга қарамай, Анқара ҳар икки томон маълумотларида ҳам яхшигина фойда кўрган.
Исроилнинг савдо маълумотларига БАА, Миср, Иордания, Марокаш ва Баҳрайн каби бешта араб давлати киритилган. Унда Исроилнинг Баҳрайн билан савдоси қарийб ўн баробар, Марокаш билан 53 фоиз, Миср билан 52 фоиз ва БАА билан 4 фоиз ошгани кўрсатилган. Исроилнинг Иорданияга экспорти ҳажми 45 фоизга ошганига қарамай, импорти камайиши ҳисобига савдо алоқаларида бироз пасайиш кузатилган. Умуман, яҳудийларнинг ушбу бу беш давлат билан умумий савдоси қиймати 3,4 миллиард долларга етиб, 12 фоизга ўсган.
Исроил маълумотларига ИҲТга аъзо бўлган яна 14 та давлат билан савдо фаолияти ҳам киритилган бўлиб, Туркиядан ташқари, бу мамлакатлар билан савдо қиймати 11 фоизга ошгани аниқланган. Албания билан савдо беш баробар, Ўзбекистон билан 65 фоиз, Нигерия билан 45 фоиз, Озарбайжон билан 34 фоиз ва Индонезия билан 25 фоизга ўсган. Бироқ Малайзия, Камерун, Сенегал, Қозоғистон, Туркманистон, Габон, Кот-д’Ивуар ва Уганда билан савдо қиймати пасайган.
Бу Исроил ташқи савдо кўрсаткичларидаги инқирозни енгиллаштирди. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Исроил экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга, импорт қиймати эса 5 фоизга пасайди.
Тўққиз ой давомида Исроилнинг 19 араб ва ислом мамлакатлари билан савдоси тахминан 7 миллиард долларни ташкил этган. Бу айни пайтдаги Исроилнинг дунё билан умумий савдо алоқасининг 10 фоизини ташкил этса-да, амалда араб ва мусулмон мамлакатларининг улуши кўпроқ. Чунки эълон қилинган маълумотлар ИҲТнинг қолган 57 мамлакати билан савдо айирбошлаш қийматини ўз ичига олмаган. Бундан ташқари, савдо кўрсаткичлари ўртасида катта тафовутлар мавжуд бўлиб, Исроил маълумотлари ҳалиям пастроқ, араб давлатларида эса бунданда юқори кўрсаткичлар тақдим этилган. Мисол учун, Миср томони эълон қилган савдо қиймати икки томон ўртасидаги савдо бўйича Исроил маълумотларига қараганда анча юқори.
Миср ташқи савдоси бўйича эълон қилинган маълумотлар июль ойигача бўлган даврни қамраб олган. Жорий календар йилнинг дастлабки етти ойида Исроил билан савдо ҳажми 1,883 миллиард долларни ташкил этди. Бу Мисрнинг 155 миллион долларлик экспорти ва 1,728 миллиард долларлик импорти ўртасида тақсимланган. Бу Исроилга Миср маҳсулотларни импорт қиладиган мамлакатлар рўйхатида 9-ўринни эгаллашга имкон берди. Бироқ, Исроил маълумотларига кўра, ўша етти ойдаги икки давлат ўртасидаги умумий савдо ҳажми атиги 431 миллион долларни ташкил этган. Исроил Мисрга 242 миллион долларлик маҳсулот етказиб берган ва Мисрдан 189 миллион долларлик товар импорт қилган.
Қоҳирадаги Статистика агенлиги икки давлат ўртасида ўтган етти ой давомида айирбошланган товарлар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Миср Исроилга 30 миллион долларлик телевизор экранлари, 29 миллион долларлик цемент, 16,5 миллион долларлик ўғитлар, 12 миллион долларлик мева ва сабзавотлар, 6 миллион долларлик полиэтилен кукуни, 4 миллион долларлик апельсин шарбати, 3 миллион долларлик кийим-кечак ва 2 миллион долларлик алюминий қотишма таёқчалари, шунингдек, қоғоз қадоқлар, шимлар, шиша панеллар, пол қопламалари, хушбўй ўсимликлар ва қалён тамакисини экспорт қилган.
Ўша тўққиз ой давомида Мисрнинг Исроилдан импорти қиймати 1,728 миллиард долларга етган. Шундан табиий газ 96 фоизни ёки 1,664 миллиард долларни ташкил этади. Қолганлари дизель ёқилғиси учун 31 миллион доллар ва АҚШга экспорт қилинадиган маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадида Миср тайёр кийим ишлаб чиқарувчилари томонидан импорт қилинган матолар ва қопламалар учун 19 миллион доллар сарфланган. Малакали саноат зоналари протоколи Миср экспортининг АҚШга киришда божхона имтиёзига эга бўлиши учун 10,5 фоиз Исроил компонентларини ўз ичига олишини талаб қилади. Шу сабабли, тайёр кийим-кечак саноатида ишлатиладиган иплар, бўёқлар, пластмасса ва қоғоз қутилар Исроилдан импорт қилинади.
Маҳмуд ал-Валий, таҳлилчи