29.07.2025 06:26
141

Сунъий интеллект бизни ақллироқ қиладими ёки ..?

Агар биз сунъий интеллектга кўпроқ суяниб қолсак, мия фаолиятимизда қандай ўзгаришлар юз беради? Сунъий интеллект ростдан ҳам бизга бирор нарсани ўрганишда катта ёрдам берадими ёки аксинча – бизни лоқайд ва фикрламайдиган инсонларга айлантирадими? Массачусетс технология институти (MIT)нинг янги тадқиқоти ҳайратланарли ва баъзи ўринларда хавотирли натижаларни кўрсатди. Ушбу мақоламиз ChatGPT ва бошқа нейрон тармоқлар мия фаолиятимиз, хотирамиз ва мустақил фикрлашимизга қандай таъсир қилиши ҳақида.

Сунъий интеллект бизни ақллироқ қиладими ёки аксинча?.. Бугунги кунда ChatGPT ва бошқа нейрон тармоқлар оммалашиб бормоқда. Улар матн ёзади, масалаларни ечади, ғоялар таклиф қилади. Бу – қулай ва тез. Аммо шу пайтда бизнинг миямиз нима қиляпти? Биз ростдан ҳам ўрганяпмизми ёки шунчаки фикрлашни машинага топширяпмизми?

Массачусетс технология институти (MIT) олимлари буни текширди. Талабаларни уч гуруҳга бўлиб, уларга эссе ёзиш топшириғини беришди.

– Биринчи гуруҳ эссени ўзи ёзди;
– иккинчиси интернет маълумотларидан фойдаланди;
– учинчи гуруҳ эса бевосита ChatGPT'га мурожаат қилишди.

Ҳар бир иштирокчининг мия фаолиятини кузатиш учун уларнинг бошига махсус қурилмалар тақилди. Хўш, натижалар қандай бўлди? Ишонасизми: ёрдам қанча кўп бўлса, инсон мияси шунча камроқ ишлаши аён бўлди. Сунъий интеллектдан фойдаланганлар энг паст мия фаолиятини кўрсатишди. Эссени маълумотлар қидириб ёзганлар бироз яхшироқ натижага эришган бўлишса, энг юқори мия фаоллиги шубҳасиз мустақил ижод қилган талабаларда бўлди.

Бу мониторда аксланган графикларда ҳам яққол кўринди: қизил ранг камайган – яъни нейрон фаоллик пасайган. Сунъий интеллект билан ишлаган гуруҳда мия фаоллиги 55 фоизгача тушиб кетди. Бу – ёмон хотира, кам эътибор ва ўта пассив иштирок дегани.

Гуруҳлар ўрин алмашганида ҳам натижалар тасдиқланди. Илгари сунъий интеллект билан ишлаганлар унданда ёмонроқ натижа кўрсатди. Аммо аввал мустақил ишлаб, кейин сунъий идрокдан фойдаланганлар нисбатан яхшироқ ишлади.

Хулоса: Агар бошиданоқ сунъий интеллектга таянилса, мия "ўчади". Бу ҳақиқий таълимга халал беради. Лекин аввал ўйлаб, кейин маълумотларни қайта ишлаш учун ундан фойдалансак – бу фойдали. Мия фаоллигини йўқотмайди.

Албатта, сунъий интеллектнинг имкониятлари ҳайратланарли. Лекин агар барчасини унга топширсак, фикрлаш қобилиятимизни йўқотамиз.

Шунинг учун машаққатдан қочманг. "Аввал ўйланг, кейин сўранг". Шунда сунъий идрок сизнинг ёрдамчингиз бўлади, бошқарувчингиз эмас.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.