Рамазон ҳамдардлик демак – нега унда Ғазо аҳли оч-наҳор, ёлғиз?
Мусулмон дунёси саҳарлик ва ифторлик дастурхони атрофида жамулжам бир пайтда, Ғазодаги фаластинликлар бир амаллаб рўза тутишмоқда – Исроил уларнинг озиқ-овқати, суви ва электр таъминотини тўхтатиб қўйган. Ҳамдардлик ойида сукут сақлаш ҳам айбдорликка шерикликдир.
Ўн кундан берики, очарчиликка маҳкум Ғазо. Бундан ўн кун бурун ёрдам карвонлари чегарада тўхтатиб қўйилди, Исроил амалдорлари эса камералар қаршисида илжайиб, "қамал янада кучайтирилгани"ни айтди. Ўн кун давомида оналар рўза очиш учун барг қайнатмоқда, чақалоқлар бир қатра сутга ташна, шифохона жавонлари оғриқ қолдирувчи дорилар, инсулин ва умиддан бебаҳра қолган. Бу ҳам етмаганидек, душман энг охирги зарбани йўллади: электр узиб қўйилди.
Исроил энергетика вазири Эли Коэн буни очиқчасига ва ғурур билан эълон қилди: Ғазога энди электр энергияси берилмайди. Охирги қолган Киссуфим линияси ҳам узилди. UNICEF томонидан молиялаштирилган, Дайр-ал-Балаҳ ва Хон Юнусдаги 700 минг кишини сув билан таъминловчи иккита чучуклаштириш заводи тўхтатилди. Бунинг сабабини нима деб кўрсатишди? "Гаровга олинганларни қайтариш учун". Аслида эса, бу Ғазони вайрон қилиш, ҳаётни йўқ қилиш, бир вақтнинг ўзида битта асосий эҳтиёжни, инсон зотини йўқ қилишдир.
Электр йўқлиги тоза сув йўқлигини англатади. Ишлаётган шифохоналар йўқ. Сунъий нафас олдириш ускуналари йўқ. Ҳаёт йўқ.
Бу сиёсат Исроил учун янгилик эмас. 7 октябргача Исроил Ғазони электр энергиясининг атиги ярми - ҳар бири худди қўлбола тасма каби бўлган ўнта электр узатиш линияси билан таъминлаган эди.
7 октябрдан кейин ўнала линия ҳам узиб ташланди. 2024 йил охирига келиб, кучли халқаро босим остида биттаси, атиги биттаси норозилик билан қайта уланди. Мана энди, тугмачани босиш биланоқ, ўша ҳаёт чизиғи тағин узилди.
Жамоавий жазо - бу дунё бошқа жойларда содир бўлганда ишлатадиган атама. Ғазода эса бу сиёсатдир. Ҳуқуқий тилда айтилганидек, бу "халқнинг жисмоний йўқ қилинишига олиб келадиган ҳаёт шароитларини" яратишга қаратилган услубий ҳаракатдир.
Халқаро адолат суди (ХАС) бунга қарши очиқ-ойдин огоҳлантирган эди. Шундай бўлса-да, Исроил буни қасддан амалга оширди. Бу жиноят – Нетаняху йиллар олдин айбланган ўша жиноят, Урсула фон дер Ляен Россия амалга оширганда қоралаган ўша жиноят. Фақат энди Исроилнинг бу жинояти янада фожиали оқибатларга олиб келмоқда ва бутунлай жазосиз қолмоқда.
Шундай бўлса-да, душман учун қилмиши олдида ҳеч қандай оқибатнинг ўзи йўқ. Жазолар қўлланилмайди. Қурол эмбаргоси жорий этилмайди. Бу даҳшатли воқеаларнинг айбдорлари парламентлар ва матбуот хоналарида ўтириб, бошқа жойлардаги уруш жиноятларини давомий қоралаган ҳолда, бу ердагиларни молиялаштиришда давом этадилар.
Шу орада, зулмат ва умидсизлик тобора тарқалмоқда…
Бироқ қоронғулик фақат Ғазо билан чекланиб қолмади. У Нью-Йорккача етиб борди. У ерда Колумбия университетининг фаластинлик аспиранти ва АҚШ “яшил карта” эгаси Маҳмуд Халил Ички хавфсизлик вазирлиги ходимлари томонидан ўғирлаб кетилди. Уни ордерсиз қамоққа олдилар. Қонуний жараён йўқ. Ҳеч қандай жиноят содир этилмаган, фақатгина у ўз ватандошлари – фаластинликларнинг оммавий қирғинига қарши овоз кўтаргани учун жазоланди, холос.
Адвокати асосли сабаб талаб қилганда, агентлар довдираб қолишди. Бироқ аввал унинг визасини бекор қилишди. Кейин унинг “яшил карта”га эга доимий яшовчи эканини билгач, уни ҳам олиб қўйишди. Буни худди файлни нотўғри жойга жойлаб қўйгандай бемалол айтишди. Саккиз ойлик ҳомиладор хотини уйда унга муштоқ ҳолда, у ҳибсга олиниб, мамлакатдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилинмоқда.
Маҳмуднинг адвокати унинг қаердалигини билмасликларини айтди. Уларга у Нью-Жерси штатининг Элизабет шаҳридаги ИCE муассасасига юборилгани маълум қилинган. Аммо хотини уни кўргани борганда, у ерда йўқлигини айтишган.
Ҳаммаси ана шундай содир бўлади. Аввало, улар геноцидга қарши гапирганларни, кейин режимга қарши гапирганларни ва охир-оқибат умуман бирор сўз гапирган ҳар бир кишини олиб кетишади. Мусулмонлар буни пайқагунларича, воқеликдан огоҳ бўлгунларича бу ишлар яна қанча давом этаркин? Уларни бу ишлар қачон қизиқтиради? Навбатдаги қурбон уларнинг ўзи бўлиши мумкинлигини улар қачон англаб етишади?
Ғазода снайпер ўзи ўлдирган ҳар бир қурбонни худди ўйиндаги очколарни санаётгандек санайди. "Икки юздан кейин санашни тўхтатдим," деб тан олади у. Яқин атрофдаги қишлоқдан келган бошқа аскар: "Мен тўрт юзда тўхтадим," дейди. Болалар ҳақида сўралганда мум тишлашади. Кейин хўрсиниб қўйишади. Сўнг эса муқаррар жавоб: "Ҳа, болалар ҳам бор эди".
Бу тўқима эмас. Бу уруш ҳақидаги фильм сценарийси эмас. Бу "Ҳааретз" газетасининг собиқ журналисти Нати Ефет томонидан эълон қилинган иқрор. Бу геноцидни очиқдан-очиқ тан олишдир.
17 400 фаластинлик бола ҳалок бўлди.
17 000 фаластинлик бола етим қолди.
Ғазо ҳозирда дунёда аҳоли сонига нисбатан энг кўп қўл-оёқсиз болалар яшайдиган жойга айланди.
Шундай бўлса-да, барча азоб-уқубатларга, стратегик шафқатсизликларга, Исроил кимнинг яшаши ва кимнинг ўлишини тунги кўриш мосламалари билан аниқ белгилашига қарамай, дунё уни жим кузатишда давом этмоқда. Қурол-яроғ битимларини имзолайдиган қўллар инсон ҳуқуқлари тўғрисида қуруқ сафсата битади. Дарсликларда геноцидни қоралайдиган оғизлар, у ҳақиқатда содир бўлаётган бир пайтда мум тишлайди.
Ғазо шимолидаги чодирда олти ёшли қизалоқ сокин уйқуда. Осмонда учувчисиз самолёт ҳеч бир сабабсиз айланиб юрибди. Соат 23:00 да Исроил дрони унинг юзига қарата ўқ узади. Ўқ қизалоқнинг бош суягини чавақлаб ташлайди, миясида қон кетишига сабаб бўлади, чап кўзи орқасидаги суякларни майдалаб юборади. Бу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар бўлмаган. Огоҳлантириш ҳам, сабаб ҳам айтилмаган. Шунчаки боланинг совуққонлик билан қатл этилиши, холос.
Унинг оиласи у нима учун ҳужумга учраганини билмайди. Шифокор ҳам унга нима учун ҳужум қилишганини тушунмайди. Лекин биз биламиз..
"Al Jazeera" мухбири Ҳинд Худорийнинг Ғазо шаҳридан хабар беришича, у ерда доктор Кристофер Холден билан суҳбатлашган. Холден Ғазода тиббиёт ходимлари учун иш шароитлари тобора ёмонлашиб бораётганини таъкидлаган.
Бу фақат Ғазо ҳақида эмас. Бу мутлақ жазосизликни ҳимоя қиладиган фирибгар тузум ҳақида. Бу нафақат Рафаҳ харобаларида, балки Нью-Йорк синф хоналарида ҳам норозиликни бостирувчи империя ҳақида. Бу иккиюзламачилик санъатини комил ўзлаштирган дунё ҳақида.
Ва ҳали ҳам савол бераётганлар, ҳали ҳам ўзларини гўё тушунмаётгандек тутаётганлар учун - "нега ўзи Исроил Ғазони электр энергияси билан таъминлаши керак?"
Исроил Ғазони электр энергияси билан таъминламайди. Ундан фойдаланади. Уни қуролга айлантиради. У 2008 йилда Ғазонинг ягона электр станциясини бомбардимон қилган. Ва яна 2014 йилда ҳам. Уни қайта тиклашга уринишлар бўлганда, Исроил зарур материаллар ҳеч қачон кирмаслигини таъминлаган.
Масала Ғазо нима учун ўз электр энергиясини ишлаб чиқармаслигида эмас. Савол шундаки, нима учун Исроил Ғазо ҳеч қачон буни қила олмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун йиллар давомида ҳаракат қилган.
Бу муқаддас Рамазон ойидир. Қоҳирада, Ар-Риёдда, Дубайда дастурхонлар зиёфат таомлари билан безалган. Олтин ҳошияли ликопчалар қўй гўшти ва заъфарон гуруч билан тўлдирилган, хурмолар шунчалик йирикки, қандил ёруғида ялтираб, товланиб турибди. Оилалар тўпланишган, қўлларини дуо учун очишган, баланд паст овозларда, шукроналар айтишмоқда.
Рамазон – бу ҳамдардлик ойи, дунёда емакка муҳтож йўқсиллар ҳам борлигини эслатадиган давр бўлиши керак. Ундан мурод сабр-тоқат, интизом ва сахийликни ўргатишдир. Бироқ, Ғазо очликдан азоб чекаётган, чақалоқлар озиб, эти кетиб суяги қолган, қолган-қутган бир нечта новвойхоналар ҳам бомбаланиб кулга айланаётган бир пайтда, мўл-кўлчилик дунёси бепарво қараб турибди.
Бир миллион фаластинлик саҳарликсиз рўза тутмоқда. Уларда ифторликда оғиз очиш учун ҳам ҳеч вақо йўқ. Улар зиёфат эмас, омон қолиш учун ахлат титмоқда. Улар хотиржамликда эмас, мотамда ибодат қилмоқда. Кўчаларини чироқлар ва ярим ойлар билан безаган, Рамазоннинг муқаддаслиги ҳақида гапирган, хайр-эҳсон ва меҳр-шафқат билан мақтанадиган ўша одамлар бугун Исроил Ғазони кейинги ҳайитга етказмаслигини таъминлаётганини лоқайд кузатиб ўтирибди.
Бу йилги Рамазоннинг сабоғи нима? Тақводорликнинг асл маъно-моҳиятини унутиб, уни шунчаки расмиятчиликка айлантирганимизми? Намоз ўқиб, масжидларни тўлдириб, ортиқча пулларни хайр-эҳсон қилиб, аммо геноцид олдида миқ этмай ўтиришимизми?
Жавоб Ғазо вайроналарида; уларнинг остида кўмилиб ётган жасадларда; охирги уйқусидан уйғонмайдиган гўдаклардадир.
Аҳмад Шиҳабиддин