24.07.2025 15:51
181
Мусулмонлар юртидаги ҳашаматлар ким учун?..
Байрутдан Дубайгача чўзилган осмонўпар бинолар, Қоҳира ва Касабланканинг тор кўчалари, Тунис ва Работнинг ҳашаматли жойлари – буларнинг барчаси бугунги араб шаҳарларининг янги қиёфасини ифодалайди. Аммо бу янгиланиш ва модернизация ташқаридан қараганда чиройли кўринсада, ўзида оғир ижтимоий, иқтисодий ва маданий зиддиятларни яшириб туради. Араб шаҳарлари ҳозирги пайтда ўз меъросини йўқотаётган, оддий халқни эса чекка ҳудудларга ҳайдаб чиқараётган улкан бозорларга айланмоқда.
Марҳум ёзувчи Тавфиқ Юсуф Аввад ўз романида Байрутни эски ва янги кучлар тўқнашган арена сифатида тасвирлаганди: унда орзулар ва хотиралар қарама-қаршилиги, оддий одамлар ҳаётини зулматга айлантираётган капитал манфаатлар мужассам. Бу манзара бугун нафақат Байрутга, балки кўплаб мусулмонлар ҳаёт кечираётган давлатларга ҳам хосдир. Улар ҳам аста-секин жамиятнинг ижтимоий қатламлари ўртасидаги табақаланишни кучайтираётган урбанизациянинг қурбони бўлмоқда.
Европа шаҳарлари тарихида урбанизация жараёни, асосан, саноатлашув билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Лондон, Париж ёки Берлин каби шаҳарлар ўз иқтисодий кучини ишлаб чиқаришга йўналтирган. Бу эса уларни мустақил ва ички иқтисодий динамикага эга марказларга айлантирган. У ерда шаҳарларнинг кенгайиши замирида йирик фабрикалар, илмий кашфиётлар, технологик тараққиёт ва ишчилар синфи шаклланиши ётган эди. Бу жараён “саноат капитализми” асосида шаклланган бўлиб, шаҳарларга барқарор ишлаб чиқариш тусини берди.
Дунёнинг баъзи давлатларида, айниқса араб давлатларида эса урбанизация мутлақо бошқа йўналишда кечди. Кўпгина постмустамлакачи араб давлатларида шаҳарлар саноатлашув эмас, балки молиявий оқимлар, нефтдан тушган даромад ва четдан келган инвестициялар асосида ривожланди. Натижада, Дубай, Доҳа, Ар-Риёд каби шаҳарлар ички ижтимоий ва маданий эҳтиёжлар эмас, балки глобал капиталнинг талабларига биноан режалаштирилди. Бу шаҳарлар, асосан, осмонўпар бинолар, йирик савдо марказлари ва ҳашаматли турар-жой мажмуалари билан тўлиб-тошди, лекин уларнинг ижтимоий ва иқтисодий илдизлари саёзлигича қолди.
Марказий Осиё давлатлари, Қоҳира, Байрут ва Касабланканинг тарихий марказларида ҳам шунга ўхшаш жараён юз берди. Эски маҳаллалар бузилиб, уларнинг ўрнини ҳашаматли меҳмонхоналар ва бизнес марказлари эгаллади. Оддий аҳоли эса чекка ҳудудларга сиқиб чиқарилди. Бу ҳолат “шаҳарнинг товарлашуви” жараёни деб аталади: энди шаҳар оддий одамлар яшайдиган жой эмас, балки фойда келтирувчи объектга айланди.
Бу жараённи социологлар “неолиберал шаҳар” деб атайди. Унда шаҳарлар аҳоли учун эмас, балки глобал инвесторларга хизмат қилади. Жакартада ҳам айнан шундай манзара юзага келди: ўз вақтида аҳолига хизмат қилган марказий ҳудудлар энди фақат бой қатламлар учун мўлжалланган қимматбаҳо турар-жой мажмуаларига айланмоқда.
Араб дунёсидаги бу ўзгаришларни тушунишда француз социологи Анри Лефеврнинг “Шаҳар ҳуқуқи” назарияси муҳимдир. Унинг фикрича, шаҳарлар оддий географик ҳудуд эмас, балки ижтимоий ҳаёт, сиёсий иштироклар ва маданий ғоялар ишлаб чиқариладиган макондир. Аммо Араб давлатларида бу ҳуқуқ одамларга берилмайди. Қоҳира маданият маркази бўлса-да, унинг ижодий майдони давлатнинг қатъий назорати остида. Байрут эса узоқ йиллар давомида сиёсий муҳожирлар учун бошпана бўлди, аммо бу эркинлик давлатнинг заифлиги ҳисобига юзага келган эди.
Неолиберал урбанизация жараёнида шаҳарлар энди оддий одамларнинг эҳтиёжларини эмас, балки тижорат манфаатларини кўзлаб қурилади. Бунга ёрқин мисол сифатида Дубайни келтириш мумкин. Бу ерда йирик молия марказлари, глобал брендлар ва халқаро компаниялар учун қулай ҳудудлар яратилмоқда, лекин маҳаллий жамиятнинг ижтимоий, маданий ва иқтисодий эҳтиёжлари иккинчи даражага тушмоқда. Шу сабабли бундай шаҳарлар глобал капитализмнинг "витриналари"га ўхшайди – улар ички ҳаётдан кўра ташқи томошага мўлжаллангандек.
Айни вақтда қадимий шаҳарларда ҳам ички қарама-қаршиликлар чуқурлашмоқда. Тунисда замонавий ҳудудлар бой қатламлар учун яратилмоқда, оддий одамлар эса эски, эътибордан четда қолган маҳаллаларда яшашга мажбур. Касабланкада ҳам Ла Сорниче қирғоқбўйи ҳашаматли меҳмонхоналар ва ресторанларга тўла бўлиб, шаҳарнинг камбағал аҳолиси бу ҳудудга фақат томошабин сифатида яқинлаша олади.
Шаҳарларнинг бундай қайта шаклланиши “маданий хотира”ни ҳам йўқотмоқда. Эски маҳаллалар, тарихий бинолар ва уларнинг атрофида шаклланган ижтимоий алоқалар бузилиб кетмоқда. Эндиликда шаҳарлар ўз тарихи ва маданий меросини сақлаб қолиш ўрнига, уни тижоратлаштиришга мажбур бўлмоқда. Натижада шаҳар оддий инсонлар учун эмас, балки глобал элиталар учун қулайлаштирилган ҳудудга айланади.
"Араб баҳори" чоғида кўплаб шаҳарларда юз берган норозиликлар бу жараёнга қарши бир исён эди. Қоҳира майдонларида тўпланган минглаб одамлар ўз шаҳарига бўлган ҳақ-ҳуқуқини талаб қилди. Бу шаҳарларнинг оддий одамлар ҳаётини қамраб оладиган жойга айланиши, фақат пул топиш учун эмас, балки инсонлар учун қурилиши кераклиги ҳақидаги талаб эди.
Аммо ҳозирча бу курашлар натижа бергани йўқ. Араб шаҳарлари ҳали ҳам давлат, капитал ва жамият ўртасидаги узлуксиз зиддиятлар майдони бўлиб қолмоқда. Улар ичида барқарор саноат базаси бўлмаганлиги сабабли, Европа шаҳарлари каби ички иқтисодий мустақилликни шакллантира олмаяпти. Шу боис Араб дунёси шаҳарлари тез-тез “беқарор (ўзгарувчан) модернизация”га маҳкум бўлмоқда.