03.07.2025 16:11
393

Мулоҳаза: Президент ҳижобни ёқтирмайдими?

Чемпион қизларнинг ҳижоби президент билан учрашув учун ечтирилди. Аввалроқ, президент қатнашадиган футбол матчида футболчиларнинг соқоли олинганди. 

Ўтган йили ёзда ўзбекистонлик Райёна Иброҳимова Германияда Бутунжаҳон олимпиадасида олтин медал соҳибаси бўлганди. Немис тили бўйича 62 давлатдан келган ўқувчилар билан беллашиб ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик қизнинг тасвирлари маҳаллий ва хориж нашрларида тарқалди.  Уларда андижонлик Райёна Иброҳимова муҳофазакор оиланинг фарзанди, ҳижобда эканлиги маълум бўлди.

Кўп ўтмай, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Райёна Иброҳимованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланганини эълон қилди.

Шу билан Германияда тил бўйича олтин медал олган қиз ҳақидаги хабару мақолалар тинди. Орадан бир йил ўтиб, бугун Райёнанинг суратлари яна ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда, у ҳақида постлар ёзилмоқда. Бу гал Райёна Иброҳимова президент Шавкат Мирзиёевдан давлат мукофотини олганидан кўра, унинг ташқи кўриниши тилларга тушди.

Ҳамманинг муҳофазакор тасаввуридаги Райёна суратларда ҳижобсиз, бошда дўппи ва бироз пардозли ғарбча классик кўринишда эди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Райёнанинг ҳижоби президент билан учрашув учун ечтирилганини ёзишмоқда. 

"Қизалоқнинг рўмолли ҳолида Президентимиз ёнида турган расмини кутдим. Аммо кўриб, уни тополмадим. Билсам, рўмолини ечдиришибди.
Румолини ечаётиб унинг ичида кечган зиддиятни чукур хис килдим”, дейди "Қодирова таҳрирчи" Телеграм-канали муаллифи.

"4 кунлик бу умр давомида Коинот Яратувчисига карши чиққанларнинг якуни ЎТА ёмон бўлгани ҳақида хабарлар бирам кўп, бирам кўп", дея пост қолдирди  журналист Муҳаммад Шакур фейсбукдаги саҳифасида.

Твиттер фойдаланувчиларидан бири президент билан учрашув учун ҳижоб ечирилиги воқеаси фақат Райёна ҳолатида эмаслигини билдирган.

Тақдирланганлар орасида параспортчи чемпион Фотима Саипова ҳам президент билан учрашувда бошқа тақдирланувчи хотин қизлар қатори бошида дўппи ва ғарбча классик кийимда бўлган. Ижтимоий тармоқларда чемпионнинг ҳижобли эканини исботловчи фотосуратлари тарқалмоқда.

Ҳам фан, ҳам спорт олимпиадалари ғолибларининг президент билан учрашув учун ҳижоби ечирилиши мамлакатда инсон ҳуқуқларига бўлган муносабатни савол остига олади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу вазиятни диндор бўлмаган қатламга англатиш учун қуйидаги саволни қўйишади:

“Агар ҳижобсиз қизни ҳижобланиб чиқишга мажбурлашганида муносабатингиз қандай бўларди?” 

Ўзбекистонда инсон эрки ва ҳуқуқлари қонунларда белгиланган. Жумладан, мамлакат бош қомусининг 13-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.

60-моддасида эса, “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”, дейилган.

Шу маънода "Қодирова таҳрирчи"  телеграм-канали муаллифи қўйидаги фикрни билдиради:
 
"Демократик давлат дейилгач, рўмоллими, рўмолсизми тенг кўрилишини, уларнинг танлови хурмат қилинишини талаб қиламан! Бошидан рўмоли мажбуран силтаб олинаётган вақт, унинг бутун эътиқоди, ишончи, ўзлигию қатъияти ҳам юрагидан суғуриб олинаётган бўлади. Бу хуқуққа хам, қонунга хам, инсонийликка ҳам зид ҳаракат..."

Бугун Ўзбекистонда мусулмонларнинг ҳақ ва эрклари ҳар қачонгидан-да, долзарб масалага айланган.

Чунки, чемпион қизларни президент билан учрашув учун рўмолидан айирганлар, мусулмонларнинг соқолини олдираётганлар, азон овозини пасайтириб, болаларни масжиду намозлардан тўсишга уринаётганлар жавобгарликка тортилиш у ёқда турсин, бу ҳаракатлар амалдаги қонунларга хилофлигига кўз юмилаяпти.

Чемпион қизлар президентга нега ҳижобини ечтириб кўрсатилди? Аввалроқ, президент қатнашадиган футбол матчида футболчиларнинг соқоли олинганди.

Аҳолиси асосан ислом динига эътиқод қилувчилар бўлган мамлакатда ҳукумат вакиллари эркакларнинг соқол қўйиши, аёлларнинг танасини ёпиши аслида меъёрий ҳолат эканини билмайдими? Ёки бу ҳаракатлар президент исломни ёқтирмаслигига ишорами?

Соҳиба Ҳаёт




© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.