16.04.2025 07:30
141
Ахлоқий десенситизация: жамиятдаги сукутли фожиа
Бугунги кун жамиятимиз аъзоларининг атрофда содир бўлаётган ахлоқ меъёрларига зид воқеа-ҳодисаларга билдираётган ёки билдирмаётган муносабатларидан шундай хулосага келиш мумкин: онгсиз равишда ахлоқсизлик нормаллаштирилаётгандек.
Дунё тез ўзгармоқда. Телевизион кўрсатувлар, фильмлар, сериаллар, ижтимоий тармоқлар, ҳатто рекламалар ҳам инсон онгига бевосита таъсир қилмоқда. Аммо бу таъсирнинг бир хавфли томони бор — бу “десенситизация”, яъни инсон бирор ёмонликка, бузуқликка, ноқулай ҳолатларга кўп бор дуч келганида унга нисбатан сезгирлигини йўқота бошлайди. Бу жараён “ахлоқий десенситизация” деб аталади.
Бу қаердан бошланади?
Аввалига ножўя сўзлар, одобсиз ҳазиллар, кийинишдаги андозалардан чекиниш, оилавий қадриятларга кулиб қараш оддий ҳолдек туюлади. Кейин эса одамлар буларни танқид қилмай қўяди. Сезмасдан ёмонликка кўзимиз ўрганиб қолади. Оқибатда эса бузуқ ишлар одатий ҳолга айланади, иллатлар “маданият” номи остида тарғиб қилинади.
Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Ким бир мункарни (ёмонликни) кўрса, қўли билан тўхтатсин. Агар бунга қурби етмаса, тили билан тўхтатсин. Бунга ҳам қурби етмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Бу эса иймоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти).
Замонамизда эса на қўл, на тил, балки кўп ҳолларда қалб билан ҳам ёмон кўрмай қўйилмоқда. Ёмонликка қарши сукут қилиш, унга кўникиш — энг хавфли жараён. Бу нафaқат шахсий, балки ижтимоий даражада ҳам ҳалокатга олиб боради.
Медиа ва ахлоқий сезгирлик
Кўплаб сериаллар, мусиқий клиплар, ижтимоий тармоқ трендлари ахлоқий қадриятларимизни бузмоқда. Кичик ёшдагилар беҳаёликни кўриб улғаймоқда, оилавий тушунчалар аҳамиятини йўқотмоқда. Айниқса аёллар шаъни, эркаклик масъулияти ва оила муқаддаслиги масхара қилиб кўрсатилмоқда.
Ахлоқий десенситизация босқичма-босқич юз беради:
1. Жирканиш – дастлаб ёмонликни кўриб, эшитиб, қалбимиз безовта бўлади. Бу – ҳали иймон борлигидан далолат.
2. Лоқайдлик – кейин бу ҳолат кўпаяди. Ёмонлик эндиликда бизга таниш бўлиб қолади. Унга қарши норозилик билдириш ўрнига сукутни танлаймиз.
3. Қабул қилиш – охири эса уни оддий ҳол деб биламиз. Балки ёқтира бошлаймиз. Шу тарзда ахлоқий тубанликка аста-секин одатланамиз.
Бу жараённинг асосий сабаби — кўп кўриш ва кам ўйлаш. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни юзлаб ножўя контентлар кўзимиздан ўтади. Ноқонуний, одобсиз, масхарали, камситувчи ёки беҳаёлик билан тўла видеолар “кулги”, “тренд” номи остида миллионлаб томоша қилинади.
Бугунги кундаги оммавий маданият ҳаёни заифлаштиришга уринаётгани аён. Либослар очилиб, эркаклик ва аёллик қиёфаси аралашмоқда. Болаларга ҳам жинсий бузуқлик “эркинлик” деган ном остида сингдирилмоқда. Бу эса энг аввало ҳаё деган фазилатга зарба ҳисобланади.
Ваҳоланки Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Ҳаё иймондандир. Ҳаё бўлган жойда фақат яхшилик бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Аммо биз ҳаё билан эмас, беҳаёлик билан фахрланаётган жамият сари интилмоқдамиз.
Росуллуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) яна шундай деганлар: “Ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Исломнинг хулқи — ҳаёдир”
(Ибн Можа ривояти).
Хўш, ҳаё иймоннинг бир бўлаги экан, бугун бу фазилат замонавийликка тўсиқ сифатида талқин қилинмаяптими? Ҳолбуки, ҳаё бор жойда ахлоқ, поклик ва муҳаббат бўлади.
Ечим нимада?
Ҳар ким ўзидан бошлаш керак — ҳар бир мусулмон кўзи, қулоғи ва қалбини ҳаромдан асраши лозим.
Ахлоқий десенситизацияни енгиш учун шунчаки танқид қилиш етарли эмас. Бу йўлда амалий кураш ва жамият онгини уйғотиш талаб этилади:
1. Ахлоқий сезгирликни қайта тиклаш.
2. Медиани тартибга чақириш.
3. Фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш.
4. Уламолар, зиёлилар ва матбуотнинг қатъий овози.
Десенситизация шунчаки руҳий ҳолат эмас — бу жамиятдаги “ахлоқий фалокат” деб аталадиган жараённинг бошланишидир. Инсоният ҳалокат ёқасига бир зумда эмас, аста-секин, кўникиш орқали етади.
Мухлиса Маҳмуд