22.01.2025 19:00

ҲАМАСнинг янги раҳбари – Муҳаммад Синвар ҳақида нималар маълум?

13 январь куни The Wall Street Journal ҲАМАС ҳаракатининг янги етакчиси ҳақида хабарлар сиздирди. Унга кўра, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари қаҳрамон Яҳё Синвар вафот этгач, Ғазо секторидаги ташкилот раҳбарлигини унинг укаси Муҳаммад ўз зиммасига олган. Нашр манбаларининг қайд этишича, сўнгги ойларда кичик Синвар Исроил билан тўқнашувда кўрилган йўқотишлардан кейин ташкилотни тиклаш билан фаол шуғулланмоқда. Илгари у жамоат жойларида деярли кўриниш бермаган, бунинг сабаби, эҳтимол, Исроил махсус хизматлари мунтазам равишда унга суиқасд қилишга уринганидир. Ушбу мақолада Муҳаммад Синвар ҳақида бизга маълум бўлган ҳақиқатлар ва ундан келажакда кутилиши мумкин бўлган қарорлар ва хатти-ҳаракатлар хусусида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

2024 йил 16 октябрь куни Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўтказилган рейд чоғида жангчилар Исроил ҳарбийларига қарата ўт очди. CNN'нинг Исроилдаги манбаларига кўра, исроилликлар танкдан жавоб зарбасини беришди, шундан сўнг яқин атрофдаги бинони дрон ёрдамида кўздан кечиришди. Ичкарида отишмада яраланган одам топилди, кейинчалик бармоқ излари, ДНК таҳлили ва стоматологик қайдлар ёрдамида унинг Яҳё Синвар экани ошкор бўлди. Орадан бир кун ўтиб, 18 октябрь куни ҲАМАС вакиллари раҳбарнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Яҳё Синвар ёки (Катта Синвар) 2017 йилдан бери Ғазо секторидаги мужоҳидлар операцияларига раҳбарлик қилиб келаётган эди. У ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари лавозимини ўлимидан тахминан икки ой олдин, 2024 йил август ойида эгаллаган. Ўшанда Теҳронда ўлдирилган Исмоил Хониянинг ўрнини эгаллаганди. Экспертлар Яҳё Синварни 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига бостириб киришининг асосий ташкилотчиси деб ҳисоблашган. Баъзи таҳлилчилар ҳужумнинг бошқа ташкилотчилари орасида Муҳаммад Синварни ҳам тилга олишган. Ушбу воқеалардан олдин укаси (у акасидан 13 ёш кичик) ОАВ ва ҳарбий таҳлилчилар эътиборига Яҳёга қараганда камроқ тушган эди.

Илгари кичик Синвар асосан акасининг ишончли вакили сифатида таърифланган. 2024 йилнинг ёзида у ҲАМАС ҳарбий қаноти, "Изз ад-Дин ал-Қассам" бригадаси раҳбари Муҳаммад Дейфнинг эҳтимолий вориси ўлароқ тилга олинди. Эҳтимол, Синвар сўнгги бир йил ичида ҳалок бўлган бир неча ташкилот раҳбарлари, жумладан, катта акасининг вазифаларини ҳам ўз зиммасига олгандир.

Ғазо секторидаги воқеаларни ёритувчи исроиллик журналистларга Муҳаммад Синвар ҳақида ҳамон жуда кўп нарсалар маълум эмас. Wall Street иқтибос келтирган ҲАМАСдаги манбаларга кўра, кенжа Синвар "парда ортида қолишни" афзал кўради. Шунинг учун баъзи сафдошлари уни "Соя" деб аташади. Яҳёдан фарқли ўлароқ, Муҳаммад деярли интервью бермайди ва ўз қарашлари ҳамда мақсадлари ҳақида омма олдида гапирмайди.

Муҳаммад Синварнинг биографияси

Муҳаммад Иброҳим Ҳассан Синвар (ёки Кенжа Синвар) 1975 йил 16 сентябрда Ғазо секторининг Хон-Юнис шаҳридаги қочқинлар лагерида туғилган. Унинг оиласи 1948 йилдаёқ у ерга жойлашган. Ўшанда Синварлар Фаластин мустақиллиги учун уруш туфайли Маждал шаҳридан (ҳозирги Ашкелон) қочишган. Муҳаммад БМТ ҳомийлигидаги мактабда таълим олган.

Ўша пайтда кўплаб ёшлар мусулмонлар Исроил босқинига қарши бирлашиши керак, деб ҳисоблашарди. Кўп ўтмай шундай бўлди ҳам. 1987 йил декабрь ойида Исроил ҳарбий транспорти иштирокида содир бўлган авария биринчи интифаданинг бошланишига расман туртки бўлди, натижада тўрт нафар тинч фаластинлик ҳалок бўлди.

Шу билан бирга, Исроилга қарши курашнинг кескин усуллари тарафдорлари ҲАМАСни ташкил этишди. Ака-ука Синварлар ташкилотга дарҳол қўшилишди ва Муҳаммад унинг энг ёш аъзоларидан бирига айланди. 1991 йилда атиги 16 ёшида у ҲАМАСнинг ҳарбийлашган қаноти "Изз ад-Дин ал-Қассам" бригадаларига қўшилди.

Муҳаммад Синвар фаолиятидаги энг муҳим воқеа - ЦАХАЛ аскари Гилад Шалитнинг ўғирланишини ташкил этиш бўлди. Ушбу операция ҲАМАСга терроризм учун судланган бир неча юз фаластинликларни, жумладан Яҳё Синварни озод қилишга ёрдам берди.

Фаластинлик мужоҳидлар ва Исроил террор армияси ўртасидаги қарама-қаршиликнинг дастлабки босқичида кичик Синвар ҲАМАСнинг бошқа аъзоларидан алоҳида ажралиб турмасди. Муҳаммаднинг ҳаёти ва фаолиятининг ўша даври ҳақида фақатгина 1990-йилларда тўққиз ой Исроил қамоқхонасида ўтказгани маълум. Уни озод қилишди, аммо 1990-йилларнинг иккинчи ярмида Фаластин миллий маъмурияти қарори билан террорчи ҳисобланмиш ташкилотнинг эҳтимолий аъзоси сифатида яна бир неча бор ҳибсга олинди. Кичик Синвар Фаластин қамоқхоналарида жами уч йил ўтирди.

Кўтарилиш

2000 йилда, Иккинчи интифада бошланганидан кўп ўтмай, кичик Синвар қамоқхонадан қочиб, маслакдошларига қўшилди. Айнан 2000-йилларнинг биринчи ярмида у Ғазодаги ҲАМАС етакчиларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлади. Counter Extremism Project маълумотларига кўра, Муҳаммад асосан жанговар операцияларни режалаштириш ва ижрочиларни танлаш билан шуғулланган.

"Иккинчи интифада йилларида у катта касбий ютуққа эришди, - деб тушунтиради Майкл Милштейн. - Уни Хон-Юнус шаҳридаги ҲАМАСнинг ҳарбийлаштирилган қанотига қўмондон этиб тайинлашди. У Яҳё билан қариндошлиги туфайли раҳбариятнинг эътиборини қозонган бўлса-да, ўзини мустақил равишда ҳам намоён эта олди".

Катта Синвар ўша пайтда Исроил қамоқхонасида маҳбус эди. 1988 йилда Исроил махсус хизматлари уни Биринчи интифада давридаги фаолияти учун ҳибсга олганди. Ўшанда Яҳёни 12 қотилликда айбдор деб топиб, тўрт умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Эҳтимол, акасини озод қилиш истаги кичик Синварнинг 2006 йилнинг ёзида 19 ёшли ЦАХАЛ аскари Гилад Шалитни ўғирлаш ишини уюштиришига сабаб бўлгандир. ҲАМАС ҳарбийни қайтариш эвазига бир неча юз фаластинлик маҳбусни озод этишни талаб қилди.

"Муҳаммад ҲАМАСнинг ҳарбийлашган қанотида кўзга кўринган шахсга айланди, - дейди собиқ тиш шифокори, кейинчалик Яҳё Синвар жазо муддатини ўтаётган қамоқхонада хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Ювал Битон. - Яҳё турмада ўтирганида Шалитни қўлга олишни укасига ишониб топширган эди. Яҳё биринчи навбатда қобилиятга эмас, садоқатга эътибор берарди. Айнан шу нарса Муҳаммаднинг ҲАМАС иерархиясида кўтарилишига ёрдам берди".

Дастлаб, Исроил ҳукумати фақат Иккинчи интифада пайтида қотиллик учун судланмаган ҲАМАС ва ФАТҲ аъзоларини озод қилишга рози бўлди. Бироқ, Битоннинг сўзларига кўра, Қуддус ён бергандан кейин ҳам ака-ука Синварлар Яҳёни озод қилишни ваъда қилган битимга қарши чиқишди. Афтидан, улар янада кенг кўламли алмашинувга эришиш учун музокараларни давом эттиришни мўлжаллаган эдилар.

Бироқ ҲАМАС раҳбарлари Солиҳ ал-Арурий ва Холид Машал барибир битим тузишга қарор қилишди. Натижада 2011 йил октябрь ойида Гилад Шалит Исроилга қайтиб келди ва орқага қайтиш йўлида Исроил қамоқхоналаридан 1027 нафар фаластинлик маҳбус, шу жумладан катта Синвар ва яна 476 нафар мужоҳид озод қилинди.

"Моссад" бўлинмасининг собиқ ходими анонимлик ҳуқуқи асосида Тhe Telegraph нашрига Шалитнинг ўғирланиши ва кенг кўламли айирбошлашни келишиш Муҳаммад Синварнинг энг ёрқин лаҳзаси бўлганини айтди. Укасининг ёрдамисиз Яҳё ҲАМАС етакчиси бўлиши даргумон эди.
"Муҳаммад укасидан муҳимроқ эди, - деди The Telegraph ахборотчиси. - Айнан у биринчи навбатда озод қилиниши керак бўлган маҳбуслар рўйхатини тузди. Албатта, унга Яҳё ҳам киритилганди". "Моссад" ходими маълумотларига кўра, ҲАМАС етакчилари бу қарорга шубҳа қилишганида, кичик Синвар кейинги мунозаралардан воз кечиб, Шалитни ўлдириш билан таҳдид қилган.

“Қайта тирилган” қаҳрамон

Бир суиқасддан сўнг Синвар яширин ҳаёт кечириб, ўзини ўлган қилиб кўрсатган.

Исроил махсус хизматлари биринчи марта 2000-йилларнинг бошларида кичик Синварни йўқ қилишга уринган. Исроилда Райхман университетининг исломий ҳаракатлар бўйича тадқиқотчиси Майкл Баракнинг айтишича, Муҳаммаднинг ҳаётига камида олти марта суиқасд уюштирилган. Улардан биридан сўнг, 2003 йилда Синвар "ғойиб бўлди".

Ўшандан буён у жамоат олдида деярли чиқиш қилмади ва ҳатто 2022 йил январда вафот этган отасининг дафн маросимига ҳам бормади. Исроилнинг “Йнет” янгиликлар портали мухбири Эйнав Халабининг маълумотларига кўра, Синварга снайперлар ўқ узган, унинг уйи ҳаводан бомбардимон қилинган ва портлатилган. Бироқ Синвар ҳар сафар ўлимдан қутулиб қолган.
Эҳтимол, бошқа жангчи етакчилар сингари, кичик Синвар ҳам Ғазодаги ер ости туннеллари тармоғидан фойдаланган ва ўз режаларини фақат оз сонли ишончли шахсларга маълум қилган. Бундай эҳтиёткорлик унинг мавқеи билан изоҳланади: 2023 йилда "Моссад" бўлинмасининг собиқ юқори лавозимли ходими Тhe Telegraph билан суҳбатда уни Фаластин террорчилари орасида Исроил махсус хизматларининг нишонлари рўйхатида "тахминан еттинчи ўринда" деб таърифлаган.

2014 йилнинг ёзида "Бузилмас қоя" операцияси пайтида Исроил ҳарбийлари Синвар жойлашган навбатдаги уйни вайрон қилганидан сўнг ҲАМАС ва ЦАХАЛ унинг ҳалок бўлганини эълон қилди. Ўз хабарларида ҳарбийлар ҳатто қонга беланган жасад суратини тарқатиб, бу ўлдирилган Синвар эканлигини таъкидлашди.

Ўшандан бери у ўлган деб ҳисоблаб келинди - то 2023 йилнинг кузигача, яъни Исроил разведкаси уни 7 октябрдаги босқиннинг ташкилотчиларидан бири сифатида аниқлагунга қадар. ҲАМАСнинг ички тузилишини биладиган Тhe Telegraph манбасининг айтишича, Синвар "100 фоиз" Исроилга ҳужумни режалаштирганлардан бири бўлган. Ўшанда баъзи оммавий ахборот воситалари уни "қайта тирилиб келган одам" деб аташди.
"У чегарадан ўтиш ва маҳбусларни алмаштириш мақсадида одамларни ўғирлаш бўйича мутахассис, - дейди мустақил ҳарбий таҳлилчи Ронен Соломон Синвар ҳақида. - У яширинча ва фақат чекланган масофаларга ҳаракатланади". Соломон Синварни ҲАМАСнинг Ғазодаги "яширин қўмондонлари"дан бири деб таърифлади.

ЦАХАЛ 2023 йил ноябрь ойида Синварнинг "қайта тирилиб келганини" расман эълон қилди. Бир неча ҳафта ўтгач, Исроил армияси Синвар Ғазо секторидаги ер ости туннелларидан бирида автомобилда кетаётгани акс этган видеони эълон қилди.

Шиддатли етакчи

"Унга ўйламасдан одам ўлдиришга қодир шахс сифатида муносабатда бўлишади, - дейди “Йнет”нинг Ғазодаги манбаси. - У бир неча бор коллаборационистларни қатл этиш ва қийноққа солишда иштирок этган. Муҳаммад уларни қарғаса, одамлар қўрқувдан фалаж бўлиб қолади. Ғазода ҳеч ким унга эътироз билдиришга журъат этмайди. У ўтиб кетаётганида одамлар ерга қараб олишади".

Синварни Исроил махсус хизматларининг собиқ ходимларидан бири ҳам худди шундай таърифлади. Анонимлиги сақланиши шарти билан Тhe Jerusalem Post билан суҳбатлашган манба: "У самолётнинг овозига қараб уни аниқлай олади. ҲАМАСда ҳеч ким Исроил махсус хизматларининг усулларини ундан яхшироқ тушунмайди. Сиз сўнгги 25 йил ичида ҲАМАС тарихида у иштирок этмаган бирорта муҳим ҳарбий воқеани топа олмайсиз”, – деди.

Эҳтимол, айнан кичик Синварнинг обрўси Қатарда жойлашган ҲАМАС раҳбариятини уни вафот этган акаси ўрнига Ғазо секторидаги ташкилот бошлиғи этиб тайинлашга кўндиришда асосий рол ўйнаган. Яҳё Синвар ҳалок бўлганидан сўнг ҲАМАС раҳбарлари Фаластин бўлинмасига раҳбарлик қилиш учун бир неча кишидан иборат кенгаш тузишни режалаштиришган. Бироқ Ғазодаги мужоҳидлар бундай органга бўйсунишдан бош тортиб, Муҳаммад Синварни бир овоздан қўллаб-қувватлаганлар.

Синвар акасининг ишини давом эттириш ниятида бўлиб, сўнгги ойларда янги аъзоларни ёллаш билан фаол шуғулланмоқда. Wall Street муаллифлари Синварнинг 2024 йил охирида ўз сафдошларига етказган хабарларидан бирини ўқиш имконига эга бўлишган. "ҲАМАС жуда кучли мавқега эга ва ўз шартларини ўтказиши мумкин, - дейилган хабарда. - Агар фаластинликларнинг азоб-уқубатларига чек қўядиган, уларнинг қурбонлари ва йўқотишларини оқлайдиган ҳар томонлама келишувга эришмасак, ҲАМАС курашни давом эттиради".

Синварнинг тажовузкор ва шиддатли риторикаси шуни кўрсатадики, у ҳозирги вақтинчалик тинчликка қарамай, узоқ муддатли истиқболда Исроилга қарши қуролли курашдан воз кечиши эҳтимолдан узоқ. Лекин, барибир, ҲАМАС мужоҳидларининг ҳаракатлари ҳозир фақатгина Синварнинг ўзига боғлиқ эмас.

Майкл Милштейннинг тушунтиришича, Доҳада жойлашган ҲАМАС етакчилари ташқи кучларнинг таъсирига кўпроқ мойил ва Синварга қараганда қатъиятсизроқ. Агар Синвар улар билан низо чиқаришни истамайдиган бўлса, ҳеч бўлмаганда маълум вақтгача тинчликнинг давом этишидан мамнун бўлиши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.