16.06.2025 14:07
79
Ислом билан юзага чиққан икки қараш
Биринчиси: ҳаётга ўзаро изчил унсурларни қамраб олувчи бир бутун сифатида қараш
Исломда руҳий, психологик жиҳатга бўлган эътибор моддий жиҳатга берилган эътибордан кам эмас. Худди шунингдек, бир шахсдан талаб қилинадиган одоб-ахлоққа жамоат ҳам риоя қилиши исталади. Ўзаро муомалалар одоб-ахлоққа таянар экан, ибодатлар руҳиятга таянади. Ислом, жамоатга қандай ҳақ-ҳуқуқлар берган бўлса, худди шу ҳақларга шахслар ҳам эга бўлоладилар. Яхши ишлар бари тенг бўлиб, бирини бажарган киши бошқа яхшиликни қилишдан озод қилинмайди. Бир гап билан айтганда, Ислом иккала дунёда ҳам мукаммал саодатга ва яхшиликда-ёмонликда ҳамжиҳат бўлган, тақво ва яхшилик йўлида ёрдамлашадиган, яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарадиган фозил жамиятни қуришга чақиради.
“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарурлар”, ("Тавба" сураси 71-оят).
Иккинчиси: Инсонларнинг барига ўзаро ёрдамлашадиган, бир-биридан фақатгина тақво ила устун бўла оладиган бир оила сифатида қараш
Самовий рисолатларнинг бирлигига, барча пайғамбарлар ўртасидаги биродарликка назар ташлайдиган бўлсак, улардан бирортасини бошқаларидан айро тутилмаслигини кўрамиз. Бу қараш ўз-ўзидан муомалада кечиримли бўлиш кераклигини, адолат ва яхшиликни, ҳар қандай вазиятда ҳикмат билан иш тутиш ва фойдани кўзлаш лозимлигини, ер юзида Исломнинг кенг ёйилганлигини ва Ислом маданияти инсоният эга бўлган нарсаларнинг энг афзалига эга эканлигини кўрсатади.
Қуръони каримда ҳам гўзал ахлоққа, ижтимоий фазилатларга, ҳаққоният ва адолат асосида муомала қилишга даъват қилувчи кўплаб оятлар ворид бўлган. Ота-онага яхшилик қилиш, кўнгилли равишда қариндошларга, етимларга, камбағалларга ёрдам бериш, озуқасиз фақирнинг қорнини тўйдириш, кучсиз ва касалларга юмшоқ муомалада бўлиш, кечиримли ва муросачи бўлиш, сабрли ва тўғрисўз бўлиш, содиқ ва вафодор бўлиш, яхшилик ва тақво йўлида ёрдамлашиш, ер юзида Аллоҳнинг фазлини тилаб истиқомат қилишлар шулар жумласидан саналади.
Шу билан бирга Қуръонда тил билан очиқча бузиқлик қилиш, ёмон гумон қилиш, ёлғон гапириш, хиёнат қилиш, зулм ва ҳаддан ошиш, душманлик қилиш, фаҳш иш содир этиш, бировнинг ва етимларнинг молини ботил йўл билан ейиш, етимларга куч ишлатиш, тарозидан уриб қолиш, исроф қилиш каби ёмон ва қабиҳ ахлоқлардан қайтарувчи оятлар ҳам бисёр.
Яна бундан ташқари бу билан боғлиқ пайғамбар ҳадислари, халифа ва саҳобаларнинг сўз ва татбиқотлари ҳам кўп ва буларнинг бари яна Қуръондан илҳомланган бўлиб, Қуръонни тасдиқлайди ва ўз ўрнида шарҳлаб беради.
Ислом динига кўра, инсонларнинг бари ушбу чақирув ва қайтариқ қаршисида тенг ҳисобланадилар. На пайғамбар, на эргашувчи ва на бошқаси ушбу таълимотларга бефарқ бўла олмайди. Шунингдек, инсонлар ўртасидаги устунлик ҳам мана шу чақириқ ва қайтариқларга энг кўп эътибор қаратиш ва тақво қилиш асосида қурилади. Ким яхши ахлоқ эга бўлса, одил бўлса, қанчалик бузиқликдан узоқ бўлса ва бошқаларнинг ҳам бузуқликка қул уришига моне бўлолса, Аллоҳдан қанчалик қўрқса, ана шундагина бу нарсаларга беэътибор бўлганлардан устун бўла олади. Қолаверса, бу тақво эгаси бўлишда ёки маломатга сазовор бўлишда қоратанли ҳам, оқтанли ҳам, қизилтанли ҳам, бойи ҳам, камбағали ҳам тенгдир.
Шу билан бирга яхшилик ва тақво устида ёрдамлашадиган барча даражаси, мақоми ва мансабидан қатъи назар бир оиланинг аъзолари каби бўладилар. Бир-бирлари билан муомалалари ака-укаларнинг муомаласининг ўзгинаси бўлади. Улар мусулмон биродарларидан ташқари мусулмон бўлмаган инсонларнинг хавфсизлигини ҳам таъминлашга уринадилар. Бундай ҳолатлар тарихда кўп учраган бўлиб, мусулмонлар золимга кучи етмаган ғайридинларни ўз қарамоқларига олиб, уларнинг омонлигини зиммаларида ташиганлар.