26.05.2024 08:30

Илм тушунчасининг асл моҳияти

Исломда Олий Ҳақиқат, бу – Аллоҳдир (ал-Ҳаққ). У Яратгувчидир ва Унинг ижоди Унинг муқаддас сифатларининг намоён бўлиши демак. Яратиш (ижод) шунингдек, дунёни идрок этишни осонлаштирадиган ва ўз навбатида, Яратганни тушунишга ва қадрлашга олиб келадиган ишоратлар (оятлар) тўпламидир.

Бундан келиб чиқадики, илм ҳақиқат билан чамбарчас боғлиқ. Бу экзистенциал воқеликнинг исталган даражасидаги нарсаларнинг, улар хоҳ муҳим бўлсин, хоҳ аҳамиятсиз, ҳақиқий ва асл ҳолатини билиш демак. Муҳими нарсаларнинг миқдорий ўлчамлари эмас, балки ҳақиқатдир. Аслида, илм ва ҳақиқат бир танганинг икки юзидир.

Қолаверса, илм ҳақиқат ва уларнинг Яратувчиси билан боғлиқ бўлган нарсалар билан танишиш ёки улардан хабардорликдир. Илм билан боғлиқ жараёнлар тасдиқнинг прогрессив даражалари орқали ҳақиқат билан бирлашишга олиб келадиган йўлларни англатади. Илмнинг ўзи умр сафари учун энг яхши таъминотдир.

Шунинг учун ҳам илм бу мақсад эмас, балки воситадир. Умуман олганда, у ҳақиқат хизмати марказига жойлаштирилиши керак, бироқ у маъно ва тажрибанинг юқори тартиби воситасида ишлайди. Илм ўз ҳаққи учун ёки бошқа дунёвий мақсадлар йўлида олинмайди.

Илм муқаддасдир

Исломда илм, ўз-ўзидан маълумки, табаррук кўрилади. Барча илм Аллоҳникидир. Ўрганиш имконияти, қобилиятлари ва илмнинг ўзи инсониятга берилган илоҳий неъматдир.  Илм жаннат билан алоқа воситасидир. Буни гўёки юқоридан пастга чўзилган арқонга ўхшатиш мумкин, токи инсон истар экан, у материя ва умуман бу фоний дунё занжирини ечиб, самога кўтарилади. Шу тарзда у ўзининг самовий аслиятига, ўзининг асл ўзлигига ва албатта, Яратувчиси ва Соҳибига тобора яқинлашишади.

Ўрта аср мутафаккир ва жамиятшуноси Ибн Халдуннинг фикрича, илмларни эгаллаш ва қўллашнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган учта даражаси мавжуд: инсонга ўз тирикчилигини (ўз-ўзини ривожлантириш ва шахсий ҳаётга эришиш) имконини берадиган даража; инсонга ўз ҳаётини таъминлаш, ижтимоий уйғунлик ва цивилизация қуриш мақсадлари (ижтимоий актуализация ва ривожланиш) йўлида бошқа кишилар билан ҳамкорлик қилиш имконини берадиган даража; ва инсонга ўзи сажда қиладиган Ўз Роббисини (Буюк Аллоҳни) ўрганиш ва билиш имконини берадиган даража (ақлий ва руҳий тарбия). Ҳар уч даража учун ҳам инсон ўзининг ички фикрлаш ва тадқиқ қилиш қобилиятидан ва улуғ пайғамбарлар орқали инсонга етказилган нозик илмнинг самовий неъматидан фойдаланиши керак, бу икки хил билим ва уларнинг тегишли ҳақиқати ўртасида нозик мувозанатни ўрнатади.

Ислом илмларни мафкуравий (фикрий) йўналиш бўйича тақсимлашни тан олмайди. Ҳақиқатда, у илм оламини шу қадар яхлит ва универсал деб ҳисоблайдики, ҳар қандай бўлиниш, ҳатто оддий таълим мақсадларида бўлса ҳам, бир қатор жумбоқларни, муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, диний илмлар, диний бўлмаган илмлар (билим) тушунчаси мавжуд эмас, худди шундай диний ва диний бўлмаган илм муассасалари, диний ва диний билмаган уламолар (олимлар) ҳам мавжуд эмас.

Илмлар бирликдадир

Фақат битта экзистенциал воқелик ва фақат битта аниқлик мавжуд бўлганидек, фақат битта илм мавжуд. Мусулмон уламолари ислом илмларини (билимни) қандай бўлишлари ва таснифлашларидан қатъи назар, бу асосан педагогика ва гносеологик (билиш билан боғлиқ) назария йўлидаги ижтимоий манфаатлар ёки фойдалар (ал-масалиҳ ал-мурсалаҳ) ҳамда Шариат мақсадлари (мақосид) учун қилинган. Бунда айтиш мумкин бўлган нарса шундаки, илмни фақатгина унинг яқинлигига, интенсивлигига, шу билан бирга ҳаётнинг маънавий мақсадларига қараб ажратиш ва таснифлаш мумкин.

Тўғри, барча билимлар муҳим, бироқ тан олиш керакки, баъзи шакллар (турлар) бошқаларидан кўра муҳимроқ ва шунинг учун улар кўпроқ изланади, зеро муҳим дейилган илмлар ўз-ўзини англаш ва умуман инсониятнинг ердаги миссиясини бажариш учун наригисидан кўра зарурроқдир. Демак, илмларни (фанларни) аҳамияти ва таъсирига қараб тартиблаш одатда қўлланилади.

Масалан, назарий ва амалий билимлар, фарзи айн (шахсий бурч) ва фарзи кифоя (жамоавий бурч) илмлари, (соф) диний ва (қўшимча) ақлий илмлар, (соф) диний ва (қўшимча) дунёвий илмлар мавжуд. Ибн Халдун ҳатто инсонлар илми (билимлари), фаришталар илми ва улуғ пайғамбарлар илми ҳақида гапириб, ҳар бири бир-бирига боғлиқлигини, яхлит бир бутунликни ташкил қилишини таъкидлайди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талабида бўлиш ҳар бир мусулмонга фарз, деганлар (Сунан Ибн Можа, 1 жилд, 1 китоб, 224-ҳадис).  Бунда илм шариат илми демакдир, деб ишонилади. Бироқ, шариат сўзини тор маънода тушунмаслик керак.

Кенг маънода шариат тўлиқ исломни билдиради, бу эса ўз навбатида умумий ҳаёт тарзини англатади. Шариат том маънода ҳаётбахш чашмага олиб борадиган йўлни (модел ёки парадигмани) ифодалагани ажабланарли эмас. Шунга кўра, шариат мусулмонларнинг нафақат диний урф-одатлари ва маросимларини, балки уларнинг кундалик ҳаётини ҳам бошқаради. Бошқача қилиб айтганда, шариат ҳаётга татбиқ қилдиради, уни бошқаради ва давом эттиради.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, сизларни ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Унинг Расулига жавоб беринг” (Анфол сураси, 24 оят).

Илм ва ҳаёт

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга илм талаб қилишни буюрар эканлар, уларни ўз ҳаётларини ўзлари ёки бировнинг эмас, балки Яратганнинг хоҳиш-истаклари ва режаларига кўра яшашлари учун йўл ва имкониятлар излашга чақирганлар.  Ҳаёт – бу одамлар истаган нарса эмас. Зеро, Исломникидан бошқа асл ва саҳиҳ ҳаёт йўқ, у осмон ва ер манфаатларини қамраб олувчидир. Худди шундай, ҳаётнинг оғир синовларидан ўтиб, Аллоҳнинг розилигини ва инсон учун жаннат саодатини таъминлай оладиган Исломий йўл-йўриқдан бошқа ҳеч қандай ҳақиқий қаноат ва бахт мавжуд эмас.

Ислом ҳаётдир, илм эса унинг ҳаётий таянчидир. Аксинча, исломсизлик - шунчаки ўлим томон йўл бўлиб, бунда ҳақиқий (саҳиҳ) илмнинг етишмаслиги уни белгилаб беради. Яхши мусулмон илмли, илмли мусулмон эса тақводор ва яхши бўлиши керак. Агар мусулмон жоҳил бўлса, унинг исломида жиддий нуқсон бор. Худди шундай, агар илмли мусулмон етарли даражада тақводор ва яхши бўлмаса, унинг илмида жиддий нуқсон бор.

Шунинг учун ҳам набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқишлари бўғзидан нарига ўтмайдиган қорилардан (бу билан исломий эътиқод ҳамда амалда юзакилик ва носамимийлик назарда тутилган) огоҳлантирганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, шунингдек, илм соҳибларига ҳаётий миссияларида фойда келтирмайдиган илмлардан Аллоҳдан паноҳ сўрадилар.

Замонавий жоҳилият

Айтиш мумкинки, агар илмга интилиш фақат материя (жисмоний олам) билан чегараланиб қолса, у метафизик оламнинг шарт-шароит ва қоидаларини эътиборсиз қолдирса, инсон аста-секин ўзи учун "онтологик туйнук" ковлашга маҳкум бўлади. Бундай шароитда у одатда билим деб ҳисоблаган нарса "гирдоб" шаклида бўлиб, ундан қочиб қутулиб бўлмайди. У бундан чиқишга қанчалик кўп уринса, шунчалик чуқурроқ чўкиб кетади.

Бундай ҳолда, кўпинча, ҳақиқат ёлғон билан, илм эса жаҳолат билан ўрин алмашиб қолади. Маърифат ва нафис маданият номида бемаънилик ва арзимас нарсалар, астойдил ҳақиқат талабида бўлиш номида эса скептицизм, пессимизм ва ишончсизлик тарғиб қилинади ва илгари сурилади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, илм ва унинг атрофидаги барча нарсалар алдов ва найранг воситасига айланади. Шу тарзда ўз жонига қасд қилиш содир бўлади. Сўнгги икки-уч асрдан бери дунёвий – секуляр илм-фаннинг тобора кенгайиб бораётган доираси эътиқод ёки диний эътиқодни ҳам ўз ичига олгани боис, бугунги илм тушунчаси сохта маёқ вазифасини ўтамоқда.

Айтиш лозимки, мусулмон таълим тизимлари илмларни исломий тарзда тушуниш ва тарғиб қилишга мажбур. Исломий ва бошқа илмлар ўртасида муайян чегара бўлиши керак, зотан турли даражада ифлосланган дунёвий илмлар, охир оқибат модерн жоҳилликка етакламоқда. Дунёвий илмларни маълум даражада ўрганиш муҳим, аммо улардан фақат қиёсий мақсадларда ва исломий билимларнинг ҳолатини оптималлаштириш учунгина фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Муҳаммад Довуд Асадуллоҳ 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.