24.07.2024 20:29

Дунёвий давлатда радикализм ва умуман, радикаллашувнинг асл сабаблари

Охирги вақтларда айрим нохолис ва мақсади жамиятни иккига бўлиш бўлган оммавий ахборот воситаларида “дунёвий жамиятда радикаллашув кучайиб бормоқда”, “унинг олди олинмаса, халифалик ва шариатга асосланган давлат ўрнатилади” қабилидаги "огоҳлантириш"лар кенг тарқатмоқда.

Хўш, бундай иддао ва “даъватлар” статистик, илмий далиллар ёки соҳа бўйича экспертларнинг хулосалари асосида айтилмоқдами?! Ёки айрим исломофоб, ғараз ниятли, халқнинг миллий, тарихий, эътиқодий муқаддасотларини йўқ қилмоқчи бўлаётган радикал атеист ва радикал либерал жамоалар ўзларининг асоссиз ва исботланмаган далиллари билан халқнинг онг ва тафаккурини заҳарлашмоқчими?!

Биз эса уларнинг қуруқ иддаоларига илмий исботланган фактлар билан жавоб берамиз. Биз келтирадиган фикрлар илмий далиллар билан асосланган, эҳтирос ва қуруқ гаплардан иборат эмас.

Демак, дунёвий давлат деганда энг аввало тенг ҳуқуқли, эркинлик таъминланган ҳуқуқий-демократик давлат тушунилади[1]. Яъни дунёвий давлат дегани атеизм дегани эмас. Дунёвий давлатнинг асоси бу айнан диндор ва динсиз қатламнинг эътиқодий ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қилиш дегани. Буни, афсуски, айрим юқорида келтирилган радикал гуруҳлар бошқача талқин қилиб, диндор қатламни “радикал”га чиқариб, ўзларини либерал деб номлаган ҳолда дунёвий давлат тушунчаси ва тамойилини англамаган тарзда турли иддаоларни кўтармоқда.

Дунёвийликнинг асосий иккита мақсади мавжуд бўлиб, буларнинг биринчиси жамиятдаги ҳар хил конфессия ва диний қарашларга мансуб шахсларнинг қонун олдида тенглиги, иккинчиси эса ҳеч қайси бир диний қатлам қонун томонидан дискриминация қилинмаслиги белгиланган.

Аммо, юқорида айтганимиздек, диндорнинг динига эътиқод қилишини “радикаллашув” деб номлаётганлар аслида жамият учун реал таҳдид туғдиришмоқда.

Масалан, Францияда “секуляр (дунёвий) радикаллик” атамаси пайдо бўлди. Бу ҳукумат томонидан диний қатламга нисбатан қабул қилинган тақиқлар билан боғлиқ. Хусусан, 2004 йил 15 март куни француз мактабларида ўқувчи қизларнинг рўмол ўраб келишига тақиқ, 2011 йилда жамоат жойларида ибодат маросимларини қилишга тақиқлар жамиятда радикализм кучайишига, “секулар радикаллик”нинг ривожланишига ҳамда диндорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келди. Бунинг натижасида ҳукуматга қарши кўплаб норозиликлар юзага келди[2].

Ҳозирги ҳуқуқ олимлари, жумладан Раймон Вэкс, Фредрик Жадсон, Генри Жорж Таккер ва яна бошқалар секуляризм принципининг давлатлар томонидан хато талқин қилиниши, дунёвийлик давлат бошқаруви деганда диний эркинликларни чеклаш каби тушунчалар олға сурилаётгани ташвишли ҳолат эканлигини таъкидлашмоқда. Яъни “секуляр радикаллик” динни батамом давлат ва жамият ҳаётидан ажратишга интилиш ҳисобланади. Ва буни биз юқорида келтирган айрим шахсларнинг иддаоларида кўришимиз мумкин.

“Секуляр радикаллик” қуйидагилари ҳисобланади:

1. Диний белгиларга нисбатан қаттиқ чекловлар:

Жамоат жойларида, мактаблар ва ҳукумат муассасаларида диний кийимларни кийиш ва рамзлардан фойдаланишни тақиқлаш.

2. Диний таълимни чеклаш:

Давлат мактабларида диний таълим беришни тақиқлаш ва ўқув дастурларидан диний мазмунни олиб ташлашга ундаш.

Диний мактабларни дунёвий таълим стандартларига риоя қилишга мажбурлаш.

3. “Дунёвий қадриятлар”ни тарғиб қилиш:

Диний қадриятларга зид бўлган “қадриятлар”ни, жумладан ЛГБТ, феминизм, “яланғоч” кунлар, диний муқаддасотларни таҳқирлаш ва бошқаларни фаол тарғиб қилиш.

Оммавий ахборот воситалари, санъат ва таълим орқали жамиятни ахлоқсизликка чақириш, диндор қатламга диний маълумотларни олишни чеклаш ва бошқалар[3].

Буларнинг натижасида жамиятда диндор бўлган иқтисодчи, техник, инженер, шифокор, ўқитувчи ва бошқаларни омматан ўша юрт ва жамиятни тарк этишига олиб келиши, бу эса, ўз навбатида, давлатни инқирозлар ҳамда ижтимоий муаммоларга етаклаши аниқ бўлади.

Бу жамиятда жуда катта диний “очликни”, айнан ўша қўрқиб турилган ҳақиқий “радикализм”нинг кучайишига ҳам сабаб бўлиши, энг хатарлиси, жамиятда норозиликларга ва қадриятларни кескин равишда бузилишига олиб келиши мумкин.

Шунинг учун дунёвийлик (секуляризм)ни қўллаш ва талқин қилишда ўша жамият ва давлатнинг тарихий, маданий ва ижтимоий жиҳатларини инобатга олган ҳолда иш тутиш лозим бўлади.

Буларни аксини қилган тўлиқ секуляр бўлган Франция давлатининг хатосидан ўрнак олиш лозим. Тақиқлар билан эмас, ҳуқуқлар билан дунёвийлик принципини жамиятга тақдим қилиш керак.

Жамиятни асоссиз қўрқитишлар, диний расм-русумларга бўлган тақиқлар, диний таълим муассасалари ва ибодатхоналарни ёпиш – буларнинг барчаси айнан дунёвийлик принципларига зид қарорлар ҳисобланади. Фикримизча, жамиятда диндорлардан эмас, радикал исломофоблардан қўрқиш, уларни назорат қилиш, айнан уларнинг фаолиятига чек қўйиш фурсати етди! Улар томонидан айтилаётган ҳар бир иддаонинг илмий далилини сўраш вақти келди! Миллатни ва жамиятимизни, Ўзбекистондек тинч ўлкамизни бутун тарих мобайнида фақатгина юксалтирган диний муқаддасотларини ҳимоя қилиш вақти келди!



[1] Kosmin, Barry A. Contemporary Secularity and Secularism. / Secularism & Secularity: Contemporary International Perspectives. Ed. Barry A. Kosmin and Ariela Keysar. Hartford, CT: Institute for the Study of Secularism in Society and Culture (ISSSC), 2007

[2] https://interaffairs.ru/news/show/15419

[3] Beyleveld, D. and Brownsword, R. (1986) Law as a Moral Judgement, London: Sweet&Maxwell.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.