19.06.2025 09:15
41
"Барчамиз бир кемадамиз..."
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: "Аллоҳ таолонинг ҳудудига (буйруқ ва қайтариқларига) риоя этадиган ва ўзгаларни ҳам шунга ундайдиган яхши одамлар билан ёмон-мункар ишлардан қайтариқларга бепарво кимсаларнинг ҳоли битта кемага чиққан бир тўп кишига ўхшайди. Қуръа ташлаш асосида улардан баъзилари кема юқорисига, баъзилари эса пастки қисмига жойлашишади. Пастдагилар сувга эҳтиёж сезишса, юқоридагиларнинг олдидан ўтишади. Шунда улар: "(Кеманинг) ўзимизга тегишли қисмидан (пастдан) бир тешик очсак-чи, шунда юқоридагиларни безовта қилавермасдик", дейишади. Устки қаватдагилар уларни бу истакдан қайтаришмаса, пастдагилар ҳам, ўзлари ҳам ҳалок бўлишади. Моне бўлишса, ҳаммалари омон қолишади" (Бухорий ривояти). Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёни ёки ҳар қандай жамиятни кемага, одамларни эса ундаги йўловчиларга қиёс қиладилар. Жамиятнинг маълум бир қисмида, ҳатто биргина уйда пайдо бўлган ёмон иллат, агар бепарво бўлинса, тўрт томонга ёйилиши, унинг оқибати эса ҳалокатли бўлиши мумкинлигидан огоҳ этадилар. Дарҳақиқат, бугун дунё ҳадисда айтилган кичкина кемага ўхшаб қолди. Ахборот оқимининг ғоят тезлашиб кетгани сабаб курраи заминнинг олис пучмоғида юз берган воқеадан зум ўтмай бутун дунё хабардор бўлмоқда. Шу билан бирга, дунёнинг у бурчагида пайдо бўлган иллат, тез орада бошқа бурчагида ҳам урфга айланмоқда.
Узоққа бормайлик, ҳозирда ҳеч йўқота олмаётганимиз – тўй-маросимлардаги исрофгарчиликлар, кимўзарга ўзини кўрсатишлар аввалбошда биргина кимсанинг тўқликка шўхлиги бўлган. Вақтида тийиб қўйилмагани сабаб бу иллат аста-секин ёйилиб, бугунги ҳолатга келди. Бундай сўзларни ҳар қандай иллат ҳақида айтса бўлади. Уларга қарши қандай курашиш мумкин? Маълумки, касалликни даволашдан кўра, олдини олиш осонроқ ва самаралироқ. Демак, ҳар қандай мункар-ёмон ишни пайдо бўлгани ҳамоно йўқ қилишга интилиш зарур. Ана шунда урчиб кетмайди. Шунингдек, бутун жамият ислоҳи биргина кишидан бошланишини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Зеро, биз олдин ўзимизни, оила-аъзоларимизни сўнг яқин-узоқ қариндошларимизни ёмонликлардан қайтара олсак, жамиятимиздаги иллатлар ўз-ўзидан барҳам топади. Муҳими, лоқайд бўлмаслик, менга нима демасликдир.