Набий саллоллоҳу алайҳи ва салоам вафот этганларида Мадинани маҳзунлик қоплади. Ҳамма гўё бошқа одамга айланиб қолган эди. Бу ўзгаришга умматнинг "сиддиқ"и Абу Бакр розияллоҳу анҳу нуқта қўйди:

Ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилса Аллоҳ тирик, ўлмайди!".

Шу гапга таяниб шуни айтаман:

"Ким Рамазонга ибодат қилган бўлса, Рамазон ўтиб кетди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ ҳамма ойнинг Роббисидир!".

Кишиларни эсанкиратишни, уларнинг қанотини қирқишни ёқтирмайман. Мен учун ярим стаканнинг бўш қисми ҳақида тафаккур қилишдан кўра, қолган ярми ҳақида тафаккур қилиш муҳимроқ. Қоронғуни лаънатлаб ўтиришдан кўра, шам ёқиб ўтиришни афзал биламан.

Роббимиз бизга танлаб берган ойга умматнинг ихлос ва муҳаббат қилиши мени севинтиради, қалбимга таскин беради.

Рамазон ойида бомдодда сафимизнинг кўплиги ва зичлиги кўзларни қувонтиради. Бу умматнинг бемор бўлса-да ўлмаслигини ўйлаб, қалб хотиржам бўлади. Бир йил давомида ўлган қалбларни қайта тирилтириш учун Аллоҳ Рамазонни жўнатиши қалбни сурурга тўлдиради. Рамазондаги масжидларнинг шукуҳи ўзгача. Кишилар хатмлар ва қорилар ҳақида ҳаяжон билан суҳбатлашишади. Фарзандларимизнинг бу ойда қуръонга юз буриши, қори бўлишни ният қилиши келажагимиздан бизни хотиржам қилади. Иншааллоҳ бунинг ҳосилини кўрамиз.

Қариндошлар ва қўшнилар орасида коса ва товоқлар айланади. Муҳаббат ва улфатчилик зиёда бўлади. Садақа беришлар кўпаяди....

Аммо мен тушунмайдиган нарса шуки, нега энди Рамазондаги хулқимиз бошқа ойларга ўтмайди?! Нега энди йил бўйи Рамазондаги каби ибодатга берилмаймиз?!

Нега энди бомдодларда тўлиб турган масжид Рамазон чиқиши билан ярмидан ҳам камайиб кетади?!

Нега энди Қуръонни умр китоби эмас, Рамазон китоби деб қараймиз?!

Нега энди бошқа ойларда садақа бериш учун фақир қидирмаймиз?! Фақирлар бошқа ойларда овқат ейишмайдими?!

Нега энди қариндош ва қўшниларимизга Шаввол ёки Зулҳижжада овқат улашмаймиз?!

Нега энди болаларимизни бошқа ойларда илм ўқишга, Қуръон ёдлашга шижоатлантирмаймиз?!

Рамазонни улуғлаш, намоз, рўза ва садақотлар билан унинг ҳаққини адо қилиш буюк иш. Бу ойга муҳаббат қиладиган, ихлос қиладиган, уни қаттиқ ушлайдиган  уммат буюкликка номзод ва инсониятни бошқаришга муносиб, маданият ва инсонийлик байроғини кўтаришга лойиқ умматдир.

Бу уммат Рамазонни бошқа ойларга ҳам олиб ўтмас экан, ўз ўрнини қайтариб ололмайди.

Фақат Рамазонни эмас, Роббимизнинг бошқа ойларини ҳам севайлик. Бошқа ойларда ҳам бизга Рамазонники каби қувват, ихлос ва муҳаббат берсин Аллоҳим!

Абдуқодир Полвонов

Мавзуга алоқадор