05.06.2025 17:43
125

Ғанимат дамлар

Бугун Арафа! Бу кунда дуо мустажоб бўлади.. Эҳтиёжманд, ғам-ғуссага ботган ва орзу-умид эгалари учун умидбахш бир кундир .. Бу сония ва дақиқалар олтинга тенг.. Дуо қилишга шошилайлик..

Салаф солиҳ уламоларимиз айтишади: "Эҳтиёжларимизни Арафа кунига жамлаб қўяр эдик. Чунки, биз бу кунда дуолар ижобат бўлишига қаттиқ ишонар эдик"..

Маълумингизким, Аллоҳ таолонинг ижобат раҳмати ҳар кеча туннинг охирги учдан бирида ер юзига нозил бўлади. Аммо, Арафа кунида куннинг аввалидан нозил бўлиб, мазлумларнинг шикояти, ночорларнинг ҳолатларини эшитади ва ҳожатманд ҳар бир мўминнинг дуосини ижобат қилади. Ғамга ботган инсоннинг ғамини аритади. Синиқ қалбларни тузатиб, касалларга шифо беради.. 

Бу соатларда ҳаётимизда катта ўзгаришга қўл уриб, дуоларимиз сабабли ўз қадримизни белгилай оламиз.. Фақат бир шарти бор — қалбдан дуо қилайлик.. Ростгўй қалб ила.. Дуо қилиш асносидан гуноҳлар кирлигидан покланган қалб ила.. Қалб Аллоҳга боғланган ҳолда, дуоимиз ижобат бўлишига ишонган ҳолда дуо қилайлик.. 

Умидларимизни ҳозирлаб, эҳтиёжларимизни жамлаб Аллоҳ таборака ва таолонинг раҳмати нозил бўлган пайтда изҳор қилсак, У Зотни Ўз улуғлигига яраша улуғласак, ижобат қилади.. 

Бугун аср намозидан сўнг қиблага юзланиб, қўлларимизни дуога кўтариб, қалбдан чиққан йиғи ила, тазарруъ ила ва гўёки дунёдаги охирги кунимиздек дуо қилайлик! 

Ҳадиси шарифда келадики: "Дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунги дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган энг яхши сўз "Лаа илааҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, луҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр" дир". (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У Зотнинг шериги йўқ. Мулк У Зотгадир, Ҳамд У Зотгадир. У Зот барча нарсага қодирдир). 
Савоб тарозисига оғир, аммо, тилларимиз учун енгил бўлган зикр бор: "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил Азийм" (Аллоҳ Ўз зотига яраша ҳамдга лойиқ ва покдир. Улуғ Аллоҳ барча нарсадан покдир).

Ушбу дуоларни кўп-кўп такрор қилайлик.

Шу ўринда бир илтимосимиз бор: дуоларингизда Устозимиз Мубашшир Аҳмад домлани ҳам унутманг, бугундек қутлуғ дамлар ҳурмати, дуоси мақбул инсонлар ҳурмати, кўпчиликнинг дуоси ҳурмати устозимизни тез орада озод бўлишларини, яна кўп йиллар динимиз ва миллатимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таолодан ёлвориб сўранг!..

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.