Авлодлар сизни дуо билан эсласин десангиз…
“Баҳор мавсумида 9452 та маҳалланинг ҳар бирида камида икки мингтадан жами 20000 та кўчат эктирилиши шарт... 2500 та кўп қаватли уйлар ҳудудида ўттиз фоизда 250 мингта кўчат эктириб “яшил ҳудуд” барпо қилишимиз шарт... Муҳим масалани сизларга яна бир мартта айтмоқчиман. “Яшил макон” бу топшириқ эмас, бу виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги масъулиятимиз. Яшил маконни қилмаганларни эртанги кунга бепарво одамлар деб қабул қилган бўлардим”.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти
Президентнинг ушбу сўзларини эшитгач, Қуръони каримнинг ушбу ояти дарҳол ёдимга тушди: ...“Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин” ... (Ҳашр, 10)
Бугун илм-фан тараққий этган даврга келиб, инсоният
ривожланишнинг турли йўлларини синаб кўрди. Айниқса, дунёвийлик устун бўлган
охирги икки аср давомида инсоният олам ва ундаги нарсаларнинг ҳақиқати, инсониятнинг
мавжудлигининг асл сабаби, ҳақиқий бахт-саодат ва унга элтувчи йўллар ҳақида
турли фикр ва назарияларни илгари сурди. Нима яхши ва нима ёмон ва унга қандай
эришилади, деган саволга капитализм, модернизм, секуляризм, коммунизм,
евгеника, табиий танланиш, эволюционизм, консеквенциялизм, консюмеризм каби
таълимот ва йўналишлар бир-биридан фарқли юзлаб тахмин, ғоя ва назарияларни
илгари сурди. Бироқ буларнинг бирортаси инсоният учун яхшиликнинг ўзи нима,
унга қандай эришилади ва унга нима сабабдан амал қилиш керак, деган саволга
яхлит ва якуний жавобни беролганича йўқ.
XIX аср ўрталаридан бошлаб саноат инқилобининг содир бўлиши,
ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг кескин ортиши Ер юзида мисли
кўрилмаган табиий ўзгаришларга олиб келди. Ёввойи табиат катта талофат кўрди,
кўплаб ҳайвон турлари қирилиб кетди, улкан ўрмонлар ва яшилликлар қуруқ дашт ва
саҳроларга айланди. Йилдан йилга иқлим ёмонлашиб бораётган бугунги даврда катта
саҳналарда тез-тез табиатни асраш ҳақида жар солинмоқда. Аксар давлатларда
экологияни асраш давлат стратегик аҳамиятга эга вазифага айланди. Бутун дунё
инсониятни “яшил иқтисодиёт”га ўтишга ундамоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда ҳам бир неча йиллардан бери “Яшил
макон” лойиҳаси асосида атроф муҳитни кўкаламзорлаштириш, дарахт экишга тарғиб
қилиб келинмоқда. Мақоланинг аввалида келтирилганидек, Президент Шавкат
Мирзиёев ушбу вазифани “Яшил макон” бу топшириқ эмас, бу виждонимиз, бўлажак
ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги масъулиятимиз”, деб баҳолади.
Дарҳақиқат, биздан кейин келадиган авлод қандай Ўзбекистонда
яшаши, уларнинг жаннатмакон диёрда ёхуд сувсиз, дарахтсиз чўлда яшаши айнан
бугунги аҳолининг сайъ-ҳаракатига ҳам боғлиқ. Айнан, бизнинг бугун табиатни
асраб-авайлашимиз, уни обод қилишимизнинг самарасини биздан кейинги авлод ҳис
қилади. Нафақат табиатимиз, балки келажак авлод фойдаланиши мумкин бўлган ер
ости ва ер усти табиий бойликларимиз ҳам шулар жумласидандир.
Бироқ консюмеризм таъсирида бутун ҳаёти бу дунёда еб-ичиб,
ундан лаззатланиб ҳаёт кечиришга дастурланиб қолган, охират ҳақида ўйламайдиган, балки уни инкор
қиладиган, ҳатто ўзининг “бахти” учун оила қурмай, фарзанд кўрмасдан ўтадиган
“замонавий одам”ни ўзидан кейинги авлод ҳақида қайғуришга қандай ундаймиз,
деган саволга замонавий ижтимоий-гуманитар фанлар тайинли жавоб беролганича
йўқ. “Дунёга бир марта келадиган бўлсак, ундан кейин чириган тупроққа айланиб,
йўқ бўлиб кетсак, нима учун ўзимизни эмас, ҳали туғилмаган инсонларни ўйлаб
қийналишимиз керак”, дейдиган тафаккурдаги инсонларга атроф-муҳитни, экологияни
асраб авайлаш виждон иши, келгуси авлод олдидаги масъулият эканлигига қандай
ишонтирамиз? Ахир улар эртанги кунга бепарво одамлар эмасми?!
Биз келгуси авлод учун жон ҳозирдан жон куйдириб ҳаракат
қилсак, дарахт эксак, сувни иқтисод қилсак, табиий бойликларни сақлаб қолсак,
улар мевасини биз қийналганлар эмас, кейингилар кўришадими? Улардан бизга нима
наф? Умуман бугун яшаб, яқин юз йилда ўлиб кетадиган инсоният учун,
материялистик нуқтаи назардан Ер юзида инсониятнинг яшаб қолиши ёки қирилиб
кетишининг қандай ахлоқий аҳамияти бор?
Мана шу саволга бугунги кунда дунёвий фанларнинг бирортаси
ҳикмат билан жавоб бера олмаган. Эволюционизм ва табиий танланиш назариясига
кўра, бундан аввалги миллион йиллар давомида яшаб, кейин қирилиб кетган минглаб
турдаги ҳайвонларнинг бор-йўқлиги бугун бизга иссиқ-совуқ бўлмаганидек,
инсониятнинг бундан юз-икки юз йил кейин буткул ҳалок бўлишининг материалистик
олам учун аҳамияти йўқ. Шундай экан, нима сабабдан ҳаётда мазза қилиб
яшамасдан, одам ўзидан “Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси”ни ясаб олиб, табиат
ҳақида қайғуриши, уни келажак авлод учун асраб қолиши учун ҳаётини бағишлаб,
тер тўкиши керак? Ундан кўра мазза қилиб еб-ичиб яшаб қолса бўлмайдими? Барибир
ўлиб кетадику.
Йўқ, ислом бундай тор фикрда ўйламайди. Ислом инсониятга бу
дунёда ҳам охиратда ҳам манфаат келтирган нарсалани ўргатади ва шунга буюради.
Сизнинг бугун кейинги авлод учун қилган яхшиликларингиз учун, келажак авлод:
“Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират
этгин”, деб дуо қилади. Уларнинг дуоси эса, сизга охиратда иншааллоҳ манфаат
келтиради.
Эҳтимол, бугунги ҳар бир фуқаро ва амалдорларимиз нафақат
экаётган дарахтимиз, балки жамиятда қилаётган ҳар бир эзгу-амалимиз,
тўғрилигимиз, ислоҳотларимиз, таълим олиб, таълим беришимиз, одамларни
яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришимиз, умуман, биз бу ватанимизни қандай
топган бўлсак, ундан яхшироқ ҳолатда қолдириш учун қилаётган ҳар бир амалимиз
келажак наслларимиз учун хайрли ва фойдали бўлар. Эҳтимол ўшанда бизнинг имонли
ва солиҳ фарзандларимиз, бизнинг ҳақимизга ҳам: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва
биздан илгари (Сенга ва охират кунидаги ҳисоб-китобга) имон билан ўтганлар (ва
шунга яраша биз учун солиҳ амалларни қилиб кетганлар)ни мағфират этгин”, деб
дуо қилиб қолса ажаб эмас.
“Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”
Муҳаммад Зиё