Имом Термизий номидаги ислом институти Ўзбекистон Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.

Таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.

Имом Термизий номидаги ислом институтига 2024-2025 ўқув йили учун қабул эълон қилинди. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2024 йил 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.

Мазкур олий диний таълим муассасасига ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаган абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин.

Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширадилар:

  • Араб тили (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
  • Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) – 63 балл;
  • Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Араб тили бўйича В2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.

Қабул имтиҳонларини ўтказиш санаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Термиз шаҳрида 2020-2021 ўқув йилидан ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк битирувчилар мазкур таълим муассасасини тамомлади.

Мавзуга алоқадор