12.11.2024 18:15
Ўзбекистонда ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун устида ишлаяпмиз - Алишер Қодиров
«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров 11 ноябрь куни ўз каналида Х ижтимоий тармоғидаги IvankaNews_ саҳифасида эълон қилинган АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга тегишли экани иддао қилинаётган «болаларга номақбул жинсий маълумотларни ўргатувчи ва трансгендер савдойилигини тарғиб қилувчи барча мактаблар учун» федерал молиялаштиришни тўхтатиш режаларини ўз ичига олган иқтибосга муносабат билдирди.
Алишер Қодиров хасталик ўчоғидаги ўзгариш жуда яхши эканини ёзди. «Ўзбекистонда бу масалада ҳар қандай тарғиботни тақиқлаш бўйича қонун қабул қилиш устида ишлаяпмиз», — деб ёзди депутат.
«Биз танқидий ирқ назарияси, трансгендер савдойилиги ёки бошқа ҳар қандай номақбул ирқий, жинсий ёки сиёсий контентни болаларимизга тарғиб қиладиган ҳар қайси мактаб учун федерал маблағни қисқартиришни режалаштирмоқдамиз», - дейилади Дональд Трампга тегишли экани айтилаётган иқтибосда.
У, шунингдек, «мажбурий эмлаш ёки мажбурий ниқоб тақиш амалда бўлган бирор мактабга бир цент ҳам бермаслигини» қўшимча қилган.
Gazeta.uz нинг «Миллий тикланиш» партиясига таяниб ёзишича, партиянинг ўқув тадқиқотлари маркази томонидан раҳбар Алишер Қодиров билан биргаликда Ўзбекистонда «ЛГБТ тарғиботи»ни тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжат ишлаб чиқилмоқда.
«Бу шунчаки лойиҳа. Ҳужжат дастлабки босқичда ва партиянинг ўзида ишлаб чиқилмоқда. Ўқув тадқиқотлари маркази нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмас. Яъни ҳужжат ҳозирча қонун лойиҳаси мақомига эга эмас ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилмаган. Ҳужжатни ишлаб чиқиш тугалланиб, хулоса олинса, ана шунда Қонунчилик палатасига киритилиши мумкин», — дея таъкидлади партия.
«Миллий тикланиш» бу масалани Ўзбекистон учун «долзарб» деб ҳисоблайди. «Бу долзарб, чунки бизда чет элга саёҳат қилувчилар кўп ва интернетда [бу мавзу бўйича] кўплаб материаллар мавжуд. Агар ҳозир болаларнинг онги салбий оқибатлардан ҳимоя қилинмаса, кейин буни қилишнинг иложиси йўқ. Барчаси инсон ва болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ», — деди партия вакили.
2021 йил июнида Алишер Қодиров ЛГБТ жамияти аъзоларини мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилганди. Унинг фикрича, «бундай одамлар 100 йилдан кейин ҳам ўзбек жамиятида яшай олмайди, шунинг учун уларга ёрдам керак». Сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг баёнотларидан сўнг, юзга яқин ЛГБТ вакиллари унга миннатдорчилик билан мурожаат қилган.
2022 йил декабрида Ўзбекистонда ОАВ, сайтлар ва блогерларга «бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш»ни тақиқлаш режалаштирилаётгани маълум бўлганди. Ушбу ибора соҳадаги 8 та қонунни бирлаштириш таклиф этилаётган Ахборот кодекси лойиҳасидан ўрин олган.