26.09.2024 10:54

Алишер Қодиров Россия ТИВнинг Тошкентда ўқитувчи ўқувчини урганига муносабатини қоралади

Миллий тикланиш партияси раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчини ургани юзасидан Ўзбекистондан «расмий тушинтириш» сўраган Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига муносабат билдирди, дея хабар қилди Gazeta.uz.

Унинг қайд этишича, бола ҳуқуқи Ўзбекистоннинг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади.

«Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча, муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди, деган хулосага эртароқ шекилли», — дейди Қодиров.

Нима бўлганди?

23 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда синов муддатида бўлган ўқитувчи дарс вақтида ўқувчини калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Видеода ўқитувчи қўлида дафтар тутган ўқувчи билан низоли суҳбатдан сўнг уни уриб, доска томонга итариб юборгани кўринади. Устознинг болани калтаклаши бундан сўнг ҳам давом этган ва якунда ўқувчини жойига ўтиришга ундаган.

Вазиятни таълим бошқармаси ўрганиб чиққанда, воқеа иккинчи сменада ўқийдиган 6-«В» синфида рус тили фани дарсида бўлганини аниқланган.

Боланинг онаси Facebook’даги гуруҳда ўқитувчи дарсни ўзбек тилида ўтгани, ўқувчи эса ундан рус тили дарсини рус тилида ўтишини сўрагани ҳақида пост ёзди. Пост кейин ўчирилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 25 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда журналист берган саволга жавоб берар экан, вазирлик бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

«Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деди у.

«Изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, кўп асрлик алоқаларимизда рус тилининг қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш керак», — дея қўшимча қилди Мария Захарова.

У, шунингдек, «ОАВдаги материалларга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўришни сўради».

Аввалроқ, ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бораётгани хабар қилинганди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам бу ишни қоралади. «Таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт», — деди у.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.