Ўзбекистонда диний таассублик туфайли бир гуруҳ шахслар томонидан ёки қурол ёки хавфли нарсалар ёрдамида қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жазо кучайтирилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Жиноят кодексининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутган қонунни имзолади. Мазкур қонунни 7 майда Қонунчилик палатаси депутатлари қабул қилган, 10 июлда сенаторлар маъқуллаган.

Жиноят кодексининг 109-моддасига кўра, қасддан баданга енгил шикаст етказиш: а) диний таассублар туфайли; б) бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб; ёки в) қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатганлик учун эндиликда 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.

Шу билан бирга, Daryo.uz’нинг ёзишича, бошқа ҳолатларда қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилди. Унга кўра, соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни жиноий жазо таркибидан чиқариб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда қайд этилишича, ўзгартиришлар «аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш» ва «мамлакатдаги криминоген вазиятни яхшилашга» хизмат қилади

Мавзуга алоқадор