Ўзбекистонда табиий тоза маҳсулотлар тарғиботи билан шуғулланиб келаётган жамоат фаоли Нурбек Тошниёз бошчилигидаги деҳқонлар томонидан биологик усулда етиштирилган пиёз Уммондаги лабораторияда агрозаҳарлардан ҳоли деб топилди. Бу ҳақда ўзбек биолог олими Бахтиёр Абдуғафур ўз саҳифаларида маълум қилди.

“Нурбек Тошниёз ака бир неча йилдан бери соф органик маҳсулот етиштириш билан шуғулланар, бизнинг "БИОАЗОТ" биоўғитимиздан фойдаланар эдилар. "БИОАЗОТ" билан озиқлантирилган пиёз Уммонга юборилган ва у ерда лаборатория синовларидан зтказилган эди. Маҳсулотда 300 турдаги агрозаҳарнинг бор-йўқлиги текширилган. Шу 300 заҳарнинг бирортаси ҳам аниқланмаган ва маҳсулотга "органик" хулосаси берилган”, - деб ёзди у.

Олимнинг қайд этишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги жуда катта имкониятга эга. Агар ривожланган дунё талаби бўйича маҳсулот етиштиришга ўтилса, унинг даромади нефт-газ даромадиданда юқори бўлади.

“Ривожланган дунё заҳарсиз маҳсулот хоҳлайди. Уни камида 3 баровар қиммат нарҳда сотиб олишга рози! Аграр соҳанинг органик маҳсулотларига бугунги ривожланган дунёда талаб ўта юқори! Яна такрорлайман, ўта юқори! Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қила олмаётганимиз сабаби ҳаддан ташқари агрозаҳарларни кўп қўллаётганимиздир!” – деб куюнди биолог олим.

Нурбек Тошниёз ушбу пиёз Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани “Истиқлол” МФЙдаги ҳамкор деҳқон томонидан кимёвий ўғит ва заҳарларсиз етиштирилганини маълумқилди.

Таъкидлашича, экишдан олдин далага 5-10 см қалинликда маҳаллий ўғит берилиб, шудгор қилинган. Пиёз униб чиққанидан кейин – баҳорда ҳафта оралатиб уч марта баргига биоазот сепилган.

“Қишда пиёзга занг тушган, аммо қиш чиқиб, кун қизиши билан занг ўзидан-ўзи кетди, - деган деҳқон унга. - Пишаётганида озроқ қоракуя ҳам тушди, аммо сабр қилдик, ўсимликнинг ўзига қолдирдик курашни. Ҳосилга таъсири бўлди, албатта. Аммо буткул йўқ қила олмади”.

Унинг қўшимча қилишича, пиёз етиштириш харажатлари анъанавий - кимёвий ўғит ва заҳарлар билан ишланадагиган усулдагидан камроқ бўлди. Фақат ҳосил кам бўлгани ҳисобидан таннарх қимматроқ тушган.

Айни пайтда ҳосилни четга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. 

Мавзуга алоқадор