23.07.2025 12:03
85
Ўзбекистонда ажримлар кўпайиб, никоҳлар камайиб бормоқда
Ўзбекистонда жорий йилнинг олти ойи давомида никоҳдан ўтганлар сони камайиб, ажримлар сони кўпайган.
Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь-июнь ойларида қайд этилган никоҳлар сони 95,3 мингтани ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уларнинг сони 2,1 мингтага камайган.
Никоҳларнинг ярмидан кўпи – 48,7 минг нафари (51,1 фоиз) шаҳар жойларда рўйхатга олинган. Қишлоқ жойларда эса 46,6 минг одам (48,9 фоиз) никоҳдан ўтган.
Шу билан бирга, илк ярим йилликда 23,3 минг эр-хотин ажрашган, бу ўтган йилга нисбатан 0,8 мингтага кўп дегани. Ажралишларнинг аксарияти шаҳарларда қайд этилган. 14,1 минг эр-хотин (60,6 фоиз) шаҳарда, 9,2 минг жуфтлик қишлоқ жойларда ажрашган (39,4 фоиз).
Ҳудудлар кесимида энг кўп никоҳдан ажрашиш ҳолати Тошкент шаҳрида (1,5 минг), Тошкент ва Фарғона вилоятларида (1,2 мингтадан) кузатилган. Никоҳдан ажралиш бўйича энг паст кўрсаткич (310 та) Навоий вилоятида қайд этилган.