Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатлараро ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар, юк ташиш ҳажми, ишбилармонлик ва сайёҳлик сафарлари сони ортмоқда. Ҳар ҳафта 90 дан ортиқ авиақатнов амалга оширилмоқда.

Жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тегишли "йўл харитаси"ни тезроқ қабул қилиш, амалий ҳамкорликнинг институционал механизмларини ишга тушириш, миллий маданият ва кино кунларини ўтказиш, санъат, маданий меросни муҳофаза қилиш, туризм салоҳиятини юзага чиқариш ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Туркия маданият ва туризм вазири Эрсой Ўзбекистон маданий фаолиятга катта аҳамият бераётганини, айниқса 2025 йилда ўзаро маданий фаолият ва тадбирларни янада оширишини маълум қилди, шунингдек, Ўзбекистон санъат муассасалари ва санъаткорлари билан Туркия санъат муассасалари ва санъаткорлари 2025 йилда ўзаро тадбирлар ўтказишини таъкидлади.

 

Мавзуга алоқадор