13.11.2024 15:30
289
Ўзбекистон президенти араб-ислом саммитида нималар деди?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида бўлиб ўтган араб-ислом саммитида нутқ сўзлади. У ўз сўзини "Бисмиллаҳ" билан бошлаб, тадбирни ташкил этгани учун Саудия Арабистони раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. Нутқдаги асосий иқтибослар
- Минг афсуски, 2023 йили Ар-Риёд шаҳридаги тарихий йиғилишдан кейин ўтган вақт мобайнида ушбу адолатсиз ва қонли уруш кўлами янада кенгайди.
- Дунё ҳамжамиятининг қатъий ҳаракат ва чақириқларига қарамасдан, халқаро меъёрлар ва резолюцияларнинг қўпол равишда бузилиши давом этмоқда. Уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани барчамизни қаттиқ ларзага солмоқда.
- Минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланмоқда.
- Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас.
- Ушбу фожиага нисбатан халқаро майдонда икки хил стандартлар асосида ёндашилмоқда. Бу эса урушнинг кенг ёйилиб кетиш эҳтимолини кескин оширмоқда, халқаро хавфсизликка жиддий рахна солмоқда.
- Ўзбекистон Фаластин – Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
- Бу қадимий ва бой тарихга эга халқ 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақлидир. Бу борада биз Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал альянс фаолиятини ҳар томонлама маъқуллаймиз.
- Биз урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёрлигимизни билдирамиз.
- Биз Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш ниятидамиз.
- Муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига катта эътибор қаратишимиз лозим.
- Аллоҳ таолодан жаҳонда тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик неъматини зиёда этишини ва умматимиз аҳиллигини янада мустаҳкам қилишини сўраб қоламан.