Ўзбекистон Олий суди томонидан 2019-2024 йилларда интернет жаҳон тармоғидаги диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манбаа ва контентлар (материаллар) рўйхати эълон қилинди. Рўйхатни қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, бузғунчилик ва вайронакорликни тарғиб қилувчи манба ва материалларни суд тартибида тақиқлаш амалиёти хорижий давлатларда ҳам кенг қўлланилади.

Қайд этилишича, диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет нашрлар, каналлар, саҳифалар, профилларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Таъкидланишича, бундай жиноий қилмишларга нисбатан амалдаги қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида ҳам Ўзбекистон Олий суди томонидан тақиқланган манбалар рўйхати эълон қилинган эди. Рўйхатдан Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, “Одноклассники”, TikTok саҳифалар, шунингдек, сайтлар ва турли тармоқлардаги аудио, видео, матн шаклидаги материаллар, шу жумладан, китоб ва нашидлар ўрин олган.


Мавзуга алоқадор