24.06.2025 07:31
122
Ўзбекистон фуқароларининг Россия армияси сафида урушда қатнашиши қонунийлаштирилдими?
Ижтимоий тармоқларда гўё олий мажлис сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон фуқароларининг махсус ҳарбий операцияда иштироки қонунийлигини айтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан сенат матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълум қилинишича, бу каби хабарлар мутлақо асоссиз, ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайди. Маҳаллий порталда ҳам бундай мазмунда ҳеч қандай мақола мавжуд эмас.
Шунингдек, сенат раиси Танзила Норбоева бу борада бирон-бир оммавий ахборот воситаси ёки платформага интервью бермаган.
Сенатга кўра, мазкур ёлғон хабар фактлар билан тасдиқланмаган, фуқаролар орасида чалғитувчи маълумот тарқатишга қаратилган бўлиб, аҳоли онгида нотўғри тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат деб ҳисобланади.
Сенат жамоатчиликни бундай ёлғон ва чалғитувчи хабарларга ишонмасликка, фақат расмий ахборот манбаларига таянган ҳолда хулоса қилишга чақирган.