20.03.2025 16:18

Ўзбекистон бахтли мамлакатлар рейтингида 53 ўринда

Ўзбекистон 2025 йил учун эълон қилинган World Happiness Report рейтингида 6 поғона пастлаб, 53 ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари орасида эса Қозоғистон 43 ўрин билан етакчилик қилмоқда.

Дунёдаги энг бахтли мамлакат сифатида Финляндия саккизинчи йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин Дания, Исландия, Швеция ва Нидерландия жойлашган. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон энг яхши натижа қайд этган. Қирғизистон 75, Тожикистон эса 90 ўринни эгаллади.

Германия, Буюк Британия ва АҚШ мос равишда 22, 23 ва 24 ўринларда жойлашган. Рейтингда жами 147 та мамлакат иштирок этган бўлиб, сўнгги ўринларни Ливан, Серра-Леоне ва Афғонистон банд этган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон 47 ўринни эгаллаб, МДҲ давлатлари орасида энг юқори натижага эришганди. Тадқиқотга кўра, мамлакатда энг бахтли қатлам кексалар бўлса, энг бахтсиз қатлам 30−44 ёшдаги аҳоли қаторига киради.

Рейтинг БМТнинг Барқарор ривожланиш ечимларини излаш бўйича бўлинмаси томонидан ҳар йили эълон қилинади. Унда аҳоли даромадлари, соғлиқни сақлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлик, коррупция даражаси, хавфсизлик ва келажакка ишонч каби омиллар ҳисобга олинади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.