15.07.2025 17:53
177
Умра мавсуми қачондан бошланиши маълум қилинди
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳаж-умра маркази янги умра мавсуми 2025 йил август ойидан бошланишини эълон қилди.
Сўнгги йилларда умра сафарларини юқори савияда ташкил этиш, зиёратчиларга сифатли ва қулай хизматлар кўрсатиш ҳамда ибодатларни шариат талабларига мувофиқ адо этиш ишлари Ҳаж-умра маркази томонидан амалга ошириб келинмоқда. 30 йилдан ортиқ амалий тажриба асосида зиёратчилар учун 10 кунлик махсус умра дастури таклиф этилмоқда.
Дастур доирасида қуйидаги қулайликлар назарда тутилган:
- Uzbekistan Airwaysнинг Тошкент–Жидда–Тошкент йўналишида тўғридан тўғри парвозлар;
- 3 кеча Мадина, 7 кеча Маккада бўлиш;
- Жидда–Мадина, Мадина–Макка ва Макка–Жидда йўналишларида замонавий автобуслар хизмати;
- Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитларга эга меҳмонхоналар;
- 3 маҳал овқатланиш;
- Мадина шаҳрида Набавий масжиди, Равза, Қубо, Қиблатайн масжидлари ва Уҳуд майдонига зиёрат;
- Макка шаҳрида Арафот, Мино, Муздалифа водийлари ҳамда Нур ва Савр тоғларига зиёрат;
- Жидда шаҳридаги Қизил денгизга саёҳат.
Қайд этилишича, умра сафари давомида зиёратчиларга тажрибали ишчи гуруҳи, таниқли имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари, малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилиб, ибодат ва сафарнинг осон ва хотиржам ўтишини таъминлайди.