Украинада суиқасдга учраган қозоғистонлик мухолифатчи журналист ҳалок бўлди
Украиналик шифокорлар 18 июнь куни суиқасдга учраган қозоғистонлик мухолифатчи журналист Айдос Садиковнинг ҳаётини сақлаб қола олмади. Унинг рафиқаси Наталья турмуш ўртоғининг ўлими ҳақида хабар берди.
Садиков қарийб икки ҳафта реанимацияда ётди. Садикова ўз баёнотида эрининг ўлими “Токаевнинг виждонига ҳавола” эканини айтди.
Украина ҳукумати икки қозоғистонликни – терговчиларга кўра, Украинага Польшадан кириб келган Алтай Жаканбаев ва Мейрам Каратаевни Садиковнинг ўлимида айбламоқда. Жаканбаев воқеадан тўрт кун ўтиб полицияга таслим бўлган. 2019 йилгача Қозоғистон полициясида хизмат қилган Каратаев эса қидирувга берилган. Бундан ташқари, Қозоғистон президенти Токаев терговга ёрдам бериш учун унинг қаердалигини аниқлашни буюрди.
Бир пайтлар Киев Садиковга қочқин мақомини берган. У ўз уйида, Қозоғистонда у нафрат уйғотганликда айбланиб қидирувга берилган.
Журналист ва унинг рафиқаси 1 миллиондан ортиқ обуначига эга «База» YouTube-каналини бошқарган ҳамда ўз чиқишларида Қозоғистон раҳбариятини фаол танқид қилган. Эр-хотин 2022 йил январдаги намойишларни ҳам қўллаб-қувватлаган.
Журналистга суиқасд уюштирилган 18 июнь куни у “Қозоғистон президенти Россия таъсир агентларининг қўғирчоғига айланди” сарлавҳали видеони эълон қилганди.