Туркия Исроил билан савдо алоқаларини қайта тиклаши мумкин
Ғазода эришилган тинчлик «доимий» бўлса, Туркия Исроил билан савдо алоқаларини қайта тиклаши мумкин. Бу ҳақда сешанба куни Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) раҳбари Наил Олпак маълум қилди, дея хабар берди Reuters агентлиги.
2024 йил
3 май куни Туркия Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар ва инсонпарварлик
ёрдамининг тўсиб қўйилиши сабабли Исроил билан барча савдо алоқаларини тўхтатган
эди. Бу қарорга кўра, Туркия ўз маҳсулотларининг Исроилга экспортини ва Исроил
маҳсулотларининг импорт қилинишини тўлиқ тўхтатди. 2023 йилда икки мамлакат
ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 7 миллиард АҚШ долларини ташкил
этган бўлиб, бунинг 76 фоизи Туркия экспорти ҳиссасига тўғри келган.
Эслатиб
ўтамиз, якшанба куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга
кирди ва маҳбуслар алмашинуви бошланди. Ғазо секторидаги уруш пайтида Ражаб
Тоййиб Эрдўғон Исроилга қарши кўплаб баёнотлар берди ва ҳатто сионизмга қарши
ислом оламини бирлаштиришга ҳаракат қилди. Кўплаб давлатлар Исроилнинг уруш
жиноятлари ортидан у билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини узди ва Жанубий
Африканинг Ғазо секторида Фаластин халқининг геноциди учун Халқаро Суддаги
ишига қўшилди.