17.03.2025 18:37
192

Тошкентдаги тунги клубда жанжал: бир киши оғир аҳволда

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган тунги клублардан бирида 16 март куни соат 02:30 да можаро юз берди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси берган расмий маълумотларга кўра, 1995 йилда туғилган фуқаро 1985 йилда туғилган таниши билан жанжаллашган. Уларни ажратишга уринган 1990 йилда туғилган шахс эса калтакланган.  


Оқибатда жабрланувчи бош мия жароҳати, юзидан йиртилган жароҳат ва спиртли ичимликдан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Унинг оғир аҳволда экани ва 5 соатлик жарроҳлик амалиётидан сўнг сунъий комага туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жабрланувчининг икки фарзанди борлиги маълум бўлиб, унинг яқинлари айбдор жазодан қочиб қутулмаслигини талаб қилмоқда.  


Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277 моддаси (Безорилик) асосида жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.  


Бу каби ҳолатлар аввал ҳам содир бўлиб келган. Феврал ойида Фарғонада жойлашган “Verona” компютер клуби ичида шовқин кўтарган шахс клуб иш юритувчисини дўппослаган. У тадбиркор ўғли экани ва керак бўлса клубни сотиб олишини даъво қилган. Мазкур жиноятда гумонланувчи шахс ва унинг беш шериги ҳибсга олинган.  


Шунингдек, 2018 йилда таниқли эркин курашчи Жамшид Кенжаев “Аurum-898” тунги клубида қўриқчилар билан жанжалдан сўнг пичоқлаб ўлдирилган эди. Жиноятчиларга суд томонидан узоқ муддатли қамоқ жазолари берилган.  


Тунги клублар ва ресторанларда бундай ҳодисалар кўп учрайди. 2024 йилда Ўзбекистонда 61 мингдан ортиқ жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, Жиноят кодексининг 277 моддаси билан боғлиқ 3 223 киши қамалган. Хавфсизлик чоралари кучайтирилмаса, бундай можаролар сони янада ортиб бориши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.