Тошкентда Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги халқаро анжуман бошланди (фото)
Бугун, 15 октябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро анжуман бошланди, дея хабар қилди Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Даставвал
президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг
халқаро анжуман иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
Унда анжуман
доирасидаги муқаддас Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб беришга
қаратилган илмий маърузалар, ташаббуслар, муҳокамалар дунёда
тинчлик-хотиржамликка ҳисса бўлиб қўшилишига умид билдирилди.
Анжуманда
Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция,
Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби
дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари,
дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.
Хусусан,
замонамизнинг мужтаҳид олимларидан бири, Дорул улум Карачи Ислом университети
профессори, муфтий, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари, Миср бош муфтийси,
шайх Назир Муҳаммад Айёд ҳазратлари, Дорулулум Девбанд мадрасаси мудири, Ҳинд уламолари
жамияти раиси мавлоно Аршад Маданий ҳазратлари ташриф буюришган.
Анжуманда
Ислом оламида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, жумладан, Ғазо ва Яқин Шарқ
минтақасидаги вазият юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар тилга олинди. Анжуман давом
этмоқда.
Маълумот ўрнида мазкур анжуман Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси доирасида ташкил этилди.