Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди апелляция инстанцияси аввалроқ юмористик клипи учун ҳибсга олинган brbalo мусиқий гуруҳи аъзоларига нисбатан ҳукмни ўзгартирди. Бу ҳақда Gazeta.uz суд қарорини ўрганган ҳолда хабар қилди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди 9 октябрь куни уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик / БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик / БҲМнинг 1 бараваридан 12 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади) билан 15 суткага қамоққа олиш жазоси тайинлаганди.

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатларини МЖТК моддалари бўйича тўғри квалификация қилган, деб ҳисоблади.

«Бироқ биринчи инстанция суди Камал Юсупов ва Аброр Гулямовнинг айбларига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, уларнинг шахсини, оилавий шароитини ҳамда бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олмасдан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаб, оғирроқ чора қўллаган», — дейилади суд қарорида.

Шу муносабат билан суд апелляцияни қаноатлантирди ва қамоқ муддатини 15 дан 6 суткага қисқартирди, лекин жазони ўзгартирмади. Бу уларга озодликка чиқиш имконини берди.

«Худога шукур, биз уйдамиз. Бизни қўллаб-қувватлаганингиз, биз билан бўлганингиз учун катта раҳмат, бизда сиз борлигингиздан, кучимиз борлигидан жуда хурсандмиз. Соғайишимиз учун бироз дам олишимиз керак. Ва сизлар учун ажойиб трекларни яратишда давом этамиз», — деди Аброр Гулямов Камал Юсуповнинг Instagram’ида эълон қилинган видеода.

Нима бўлган эди?

Август ойи охирида мусиқачилар ва блогерлардан иборат пойтахтнинг brbalo мусиқий гуруҳи янги «Абока 2» клипини чиқарганди (видео кейинчалик ўчирилган). Унда чет эл қўшиқлари ўзбек тилида ҳазил оҳангида ижро этилган. Видео продюсерлари сифатида Камал Юсупов (блогер, go.uz юмористик лойиҳаси иштирокчиси) ва Аброр Гулямов (блогер, мусиқачи, Ўзбекистон КВН Олий лигаси чемпиони) кўрсатилган. Илгари жамоа «Узбекистан» ва «Мокрый асфальт» каби бошқа юмористик клипларни ҳам чиқарган.

8 октябрь куни Telegram каналларидан бири мазкур клипни танқид қилиб, ундан парчалар тарқата бошлади.

Видеонинг бошида ушбу видео ҳазил тариқасида суратга олингани ва 18 ёшдан ошганларга мўлжаллангани ҳақида дисклеймер ёзилган:

«У махсус материал ҳисобланиб, ҳеч кимни хафа қилиш, ҳис-туйғуларини ранжитиш мақсадида олинмаган. Муаллифлар ҳеч қандай ҳаракат талаб қилмайди ва ҳеч нарса даъво қилмайди. Видео фақат кулгили мақсадларда яратилган ва унда LGBT ташвиқоти йўқ. Биз тамаки маҳсулотлари, алкоголь ва гиёҳвандликка қаршимиз. Видеода ҳақоратли сўзлар бўлиши мумкин. Ёш чегараси 18+. Агар сиз ушбу видеони томоша қилишни давом этсангиз, розилик билдирасиз ва огоҳлантирилгансиз!»

Видеода ясама соч таққан Камал Юсупов интим хизматлар соҳасидаги аёл образини акс эттиради. Сюжетга кўра, Аброр Гулямов (Абока) уни севиб қолади, бироқ кейинроқ сўнгра дўст унга уйланаётганидан хабар топади.

Судга ариза билан Қашқар маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Тўхтаев ва уч нафар фуқаро мурожаат қилган. Маҳалла раиси суд мажлисида видео одоб-ахлоқ меъёрлари ва анъаналарга зид эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, блогерларнинг ушбу ҳаракатларида ёшлар, вояга етмаганларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар мавжуд, ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш долзарб масала бўлиб қолган даврда уларнинг ушбу ҳаракатлари ўсиб келаётган ёш авлоднинг одоб-ахлоқига ўз таъсирини ўтказиши мумкин. МФЙ раиси уларга нисбатан қонуний чора кўришни, бу келгусида ёш авлод учун ўрнак ва дарс бўлишини билдириб кўрсатув берган.

Қамоққа олиш ҳақида хабар берилгач, кўплаб жамоатчилик фаоллари суд қарорини танқид қилди.

Мавзуга алоқадор