Қозоғистон минтақавий сиёсат ва Марказий Осиёдаги барча қўшнилари билан яқин ҳамкорликка мутлақо содиқ, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Аstana Think Tank Forum йиғилишида.

«Биз қанчалик кенг ҳамкорлик қилсак, Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари манфаатлари учун шунчалик яхши», — деди Тоқаев модераторнинг минтақавий ҳамкорлик орқали ўрта давлатлар позициясини илгари суриш ҳақидаги саволига жавобан.

Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, минтақадаги ҳозирги вазият «бундан 10 йил олдинги ҳолатдан кескин фарқ қилади». «Ҳозир бизда фаол ҳамкорлик ривожланмоқда, кенг кўламли масалалар бўйича кўп қиррали алоқалар йўлга қўйилган. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари мунтазам равишда „соатларни тўғрилаб оладиган“ учрашувлар ўтказмоқда. Бу учрашувлар жуда самарали», — деди у.

«Бизнинг сиёсий принципларимиз стратегик мувозанатни мустаҳкамлашга қаратилган. Ўйлайманки, Марказий Осиё жаҳон харитасида тобора кўзга ташланиб бормоқда. Умид қиламанки, Марказий Осиёдаги ҳамкасбларим бу фикрга қўшилишади. Биз ушбу жуда муҳим ҳудуднинг салоҳиятини мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз», — деди Тоқаев.

Унинг қўшимча қилишича, минтақавий ва ўрта даражадаги давлатларнинг овозлари БМТ Хавфсизлик кенгашида эшитилиши керак.

«Биз янада инклюзив ва барқарор халқаро тизимни кўришни хоҳлаймиз. Давлатлар кичик ёки катта бўлишидан қатъи назар, яхшироқ дунё барпо этишга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлиши керак», — деди Қозоғистон етакчиси.

Форумда Тоқаев Россия-Украина урушини ҳал қилиш масаласи бўйича яна бир бор фикр билдирди. У «Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмас» эканини такрорлади ва россияликлар президент Владимир Путин сиёсатини қўллаб-қувватлашини айтди.

«Шунинг учун биз тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаш зарур деб ҳисоблаймиз ва барча давлатларнинг, жумладан, Хитой ва Бразилиянинг ҳам реал режаларини қўллаб-қувватлаймиз. Бошқа йўл йўқ. Муқобиллик — бу ўзаро қирғин уруши. Эҳтимол, баъзи дунё кучлари бундан манфаатдордир, аммо бу тубсизликка олиб борадиган йўл. Конструктив музокаралар орқали тинчликка интилиш заифлик белгиси эмас, балки стратегик ақл-идрокнинг ифодаси», — деди Қозоғистон раҳбари.

Мавзуга алоқадор