07.10.2024 18:30

Деизмга кўра яратувчи ўзини танитишни истамайди

Еттинчи дарсимизда, эски услубимизга таяниб, яна бир деистга юзланамиз:

– Бу оламдаги ҳар борлиқ бир илоҳий китобдир ва саҳифаларида муаллифининг қатор исм, сифатларини акс эттиради. Хоҳласанг, бир гулни шу тарзда ўқиб кўрайлик. Бу мутолаадан англагинки, яратгувчимиз мавжудотларни китоб каби яратган ва аксар исмларини бу асарларда билдирган.

Гул, йўқдан бор қилингани жиҳатидан, Аллоҳнинг Холиқ, Мубдиъ ва Мужийд; гўзаллиги билан Мужаммил; зийнати билан Музаййин; тўлиқ ризқланиши, қандай эҳтиёжи бўлса, қондирилиши билан Раззоқ, Муқийт ва Ваҳҳоб; ранги билан Мулаввин; сурати билан Мусаввир; ўзига боғланган ҳикматлар билан Ҳаким; бутун дастури уруғига ёзилгани билан Ҳофиз; ҳаёти билан Муҳйи; ўлими билан Мумийт; санъати билан Сониъ; аста-секин камол топиши билан Мукаммил;  гул бўлиб очилиши билан Фаттоҳ; бир шаклдан иккинчисига ўтиши билан Муҳаввил исмини акс эттиради. Гулни яратган, албатта билгувчи, бу билан Алим исмини; ҳамма нарсага кучи етгувчи, бу билан Қодир исмини кўрсатади.

Гўё бу гул Асмоул Ҳуснонинг китоби, растаси ва ойнасидир. Суҳбатимиз чўзилиб кетмаслиги учун мазкур китоб устида узоқ тўхталмаймиз. Акс ҳолда, ҳаққига риоя қилиб ўқийдиган бўлсак, мутолаадан соатлаб бош кўтаролмаймиз.

Маълумки, бир китобни тушуниш қийин бўлса, уни англайдиган ва изоҳлаб берадиган кишига эҳтиёж туғилади. Агар китоб ҳам тушунарсиз, ҳам изоҳловчисиз бўлса, беҳуда ёзилган демакдир.

Бироз олдинги мулоҳазаларимиздан ҳам ҳар борлиқ ўзига хос китоб эканлигини тушуниб олдинг. Аммо биз бу китобнинг ёзувларини ўқиёлмаймиз. Эҳтимол ҳозиргига ўхшаш гапларни биринчи марта эшитаётгандирсан. Энди сендан бир нарсани сўрамоқчимиз:

– Борлиқ китобларида нималар ёзилганини бизга ким ўқиб беради, ким тушунтиради?

Уларни ақлнинг ўзи билангина илғаб бўлмайди. Модом шундай, унда бизга мазкур ёзувларни ўқиб берадиган ва ўргатадиган пайғамбарлар зарур.

Иккита йўл бор: Ё пайғамбарлар юборилиб, бизларга борлиқ китобларидаги илоҳий исм ва сифатларни ҳамда бошқа ёзувларни ўқиб беришади. Ёки бу китоблар шундоқлигича очилмасдан қолиб кетади.

– Сенингча Аллоҳ қай бирини танлайди?

Ёзган китобларининг ўқилмасдан қолишига рози бўладими, ҳикмати бунга изн берадими?

– Агар ўқитмайдиган бўлса, борлиқларни китобга ўхшатиб яратармиди?

– Ҳам Аллоҳ таолога бир пайғамбар юбориш ва китоб тушириш қийин бўлмагани ҳолда нега бу китобларни муаллимсиз қолдирсин? Нима учун маъносизликка маҳкум этсин?

Бироз олдин бир гулдан парча ўқидик. Аммо сен бундай ўқишга уриниб кўрмаган бўлсанг керак. Сабаби сенинг бирор пайғамбар дарсини эшитмаганинг; бизнинг эса набавий ўгитларга қулоқ солганимиз ҳамда пайғамбарга эргашганимиздир. Бизга бундай ўқишни ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотга туширилган Қуръон ўргатди. Агар у зотнинг дасрларига қулоқ осмасак, биз ҳам сенга ўхшаб гулни шунчаки яратиқ деб ўйлардик. Чиройини бирпас томоша қилган, бироз ҳидлаган бўлардик-да, кетардик. Бироқ, ўзинг ҳам гувоҳ бўлдингки, гул шунчаки яратиқ эмас, аксинча, илоҳий китоб ва шеър сингаридир.

Модом ҳар бир гул, ҳар бир яратиқ шундай асар экан, устида илоҳий исм ва сифатлар ёзилган экан, бизга уларни ўқишни ўргатадиган муаллимлар керак бўлади. Бу муаллимлар эса пайғамбарлардир. Пайғамбарларнинг юборилиши борлиқ китобларининг мавжудлиги каби аниқдир.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.