07.01.2025 07:15
471

Сурхондарёда ўқувчилар совуқда юпун ҳолда тадбирга жалб қилинди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Кадрларда совуқ ҳавода енгил байрамона кийимда турган ўқувчиларнинг кўприк очилиш маросимига жалб қилингани акс этган. Бу ҳолат юзасидан Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) муносабат билдирди.

Текширувлар давомида маълум бўлишича, 2024 йилнинг 6 декабрида Денов туманида янги кўприк фойдаланишга топширилган. Очилиш маросимида туманнинг 14 ва 16-сонли мусиқа мактабларидан 20 нафар ўқувчи, жумладан, 16 қиз ва 4 ўғил бола иштирок этган. Улар туман Маданият бошқармаси топшириғига кўра енгил либосда келтирилган.

Болалар омбудсмани Маданият вазирлигига тақдимнома киритиб, масъулларга нисбатан интизомий чоралар кўришни талаб қилди. Вазирлик бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун қатъий кўрсатмалар берган. Болаларнинг соғлигига хавф туғдириш, уларни асосланмаган ҳолда ҳар қандай тадбирларга жалб қилиш қатъиян тақиқланади.

Совуқ об-ҳавода болаларни номуносиб шароитларда тадбирларга жалб қилиш аввал ҳам кўп кузатилган. Хусусан, 2022 йилнинг февралида Тошкент вилояти Қибрай туманида ўқувчи қизлар меҳмонларни кутиб олиш учун совуқда юпун ҳолда туришга мажбурлангани ҳақида хабар берилган эди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.