20.11.2024 14:27

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон армияси салоҳияти оширилишини маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Қуролли Кучлари салоҳиятини оширишга эътибор кучайтирилишини таъкидлади, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугун бутун дунё ниҳоятда нотинч ва таҳликали бўлиб турган вазиятда давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқнинг тинч ва эркин ҳаётини энг бебаҳо бойлик сифатида асраш ва ҳимоя қилиш энг муҳим вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

«Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ягона ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилишини қайд этди.

Аввалроқ U.S. News и World Report томонидан тузилган халқаро рейтингда Ўзбекистон Қуролли Кучлари дунёнинг энг кучли 20 та армияси рўйхатида 19-ўринни эгаллаган эди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.