Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасини коррупциядан тозалаш бўйича топшириқлар берди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда қурилишни «коррупциядан холи соҳага»га айлантириш бўйича чора-тадбирларни маълум қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Унга
кўра, 1 июлдан:
- қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади;
- пудратчи ташкилотлар бажарган қурилиш ишлари фақат солиқ
органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади;
- объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб,
далолатномалар «Шаффоф қурилиш» орқали тасдиқланади;
- 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни
фақат ва фақат «Шаффоф қурилиш» тизими орқали танлаш тартиби йўлга қўйилади.
Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларга
ҳам татбиқ этилади;
- ишлаб чиқарувчи ҳам, қурувчи ҳам, назорат қилувчи ҳам қаерда
қайси қурилиш материали қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим
бўлади.
Қурилишда лойиҳалаштиришни тартибга солиш мақсадида Қурилиш
вазирлигида Лойиҳа офиси тузилиши белгиланди. У:
- қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш
жараёнида уларнинг хавфсизлик ва энергия тежамкорликка жавоб беришини, қиймати
сунъий ошиб кетмаганини лойиҳачилар билан бирга баҳолаб боради;
- ҳар йили мактаб, боғча, тиббиёт, йўл, ичимлик суви ва
иссиқлик таъминоти каби соҳаларнинг ҳар бирида камида 2−3 тадан намунавий
лойиҳалар ишлаб чиқади.
Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа
ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.
Мутасаддиларга эскирган 105 та қурилиш нормаларини илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқиш топширилди.
Бош прокуратурага қурилиш материаллари соҳасида қазиб
олишдан тортиб, тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказишгача барча жараёнларда
яширин иқтисодиётга чек қўйиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Давлат раҳбари қурилишдаги мавжуд шароитлар лойиҳачиларни «сояда» ишлашга мажбур қилаётгани, лойиҳа нархини ошириб юбораётгани, коррупция лойиҳани лойиҳалаш, тендер, қурилиш ва лойиҳани қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олганини таъкидлади. Соҳада «ресурс усули» ўрнига «ҳажм усули»ни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Йиғилишда аҳоли учун қулай инфратузилма, сифатли таълим ва
тиббий хизматлар, юқори даромадли иш ўринлари ҳамма шаҳарларда ҳам бирдек
ривожланмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддилар аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил
режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид
қилинди.
"Бош режаси бор ҳудудларда ҳам қурилиш ишлари пала-партиш
ташкил этилмоқда, Қурилиш вазирлигида буни назорат қиладиган тизим ишламаяпти",
деди давлат раҳбари.
Шунингдек, айрим жойларда ноқонуний қурилишлар аниқланмоқда.
Ўтган йилнинг ўзида 4 мингга яқин бундай ҳолат аниқланган.
Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ
майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда
умумий фойдаланишдаги жойларни тўсиб олинган.
Ҳудудларда, айниқса, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний автомобиллар учун тўхташ жойлари қилиб, “блокатор”лар ўрнатиш авж олмоқда.
Умуман, кўчаларнинг ягона қиёфасига амал қилиш тизими йўқлиги, масалан, турли услубдаги бинолар ёнма-ён қурилиб, шаҳарларнинг архитектура қиёфаси бузилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда янги уй-жойларнинг таннархига тўхталиб ўтилди.
Қурувчилар учун молиявий ресурс етишмаслиги, бори ҳам қимматлиги кўрсатиб
ўтилди.
Ресурс йўқлиги учун қурувчилар аҳоли маблағларини пойдевор
қуйиш босқичида жалб қилиб, улушдор сифатида
расмийлаштираётгани, айрим нопок қурувчилар ҳисобига одамлар ҳимоясиз
қолаётгани кўрсатиб ўтилди.
Уй-жой қурилишига аҳоли улушдор бўлиб киришини ҳуқуқий тартибга солиш ва қурилиш корхоналарига айланма маблағни кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда 80 минг хонадонли 1 минг 800 та уй-жой қуриш ва “Янги Ўзбекистон” массивларини 38 тадан 45 тага етказиш мақсад қилиб олинди.