11.03.2025 12:34

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Францияга боради

Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 11−13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф доирасида Париж шаҳрида олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган, дейилади хабарда.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади. Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни 2025 йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилади.

Шу кунларда Парижда соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият, туризм ва бизнес соҳаларида форум ва анжуманлар ўтказилмоқда. Тулуза, Лион ва Ниццада қўшма ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтади.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябрь ойида Парижга расмий ташриф билан борган. Бу Ўзбекистон раҳбарининг сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт ичида Францияга илк ташрифи бўлган.

2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти яна расмий ташриф билан Парижда бўлди. Ўшанда президентлар «юқори даражадаги кенг қамровли шериклик» муносабатларини ривожлантиришга келишиб олган эди. Франция пойтахтидаги Лувр музейида «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси ташкил этилди.

2023 йил ноябрь ойида Франция президенти Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.