Россиянинг Қозон шаҳрига ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БРИКС саммити доирасида Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Президентлар фаол мулоқотлар ва самарали алмашинувларни давом эттириш зарурлигини қайд этдилар.

Геология ва минерал ресурсларни қазиб чиқариш, электротехника, машинасозлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма маданий-гуманитар тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Етакчилар халқаро ва минтақавий кун тартибининг муҳим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Мавзуга алоқадор