23.10.2024 07:21
Шавкат Мирзиёев БРИКС саммитида иштирок этади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БРИКС саммитида иштирок этиш учун 23−24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида амалий ташриф билан бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон президенти Россия раислигида ўтадиган «БРИКС плюс» форматидаги ялпи сессияда сўзга чиқади.
«Учрашув кун тартибидан инклюзив ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Шунингдек, глобал сиёсатнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинади», — дейилади хабарда.
Президент қатор икки томонлама учрашувлар ўтказишни ҳам режалаштирмоқда.
БРИКС 2006 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, ҳозирда унга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, БАА, Эрон, Миср ва Эфиопия аъзо ҳисобланади.