06.11.2024 12:30

Шавкат Мирзиёев Бишкекда Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашди

6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва саноат кооперацияси кўлами ортиб бормоқда, Тошкент вилоятида индустриал парк ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Октябрь ойида Қўқон шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилди. Бу ойда Будапешт шаҳрида муҳим қўшма маданий тадбирлар бўлиб ўтади”, - дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари икки томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар. Етакчи компанияларнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича янги лойиҳалар портфелини шакллантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Маълумот учун, венгерларнинг аждодлари қадимда Осиёда яшаган ва IX асрда Урал дарёси бўйларидан Европага кўчиб борган. Венгриянинг давлат тили бўлмиш можар тили урал тиллари оиласига мансуб ҳисобланади. Венгер тилида туркий сўзлар жуда кўп учрайди. Венгер деҳқонлари, ҳунармандлари ва бошқа оддий аҳолисининг турмуш тарзида турк маданияти таъсири кучли.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.