08.08.2025 17:27
38

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактублари нусхаси Тошкентдаги экспозициядан жой олади

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунё ҳукмдорларига ёзган мактубларининг папирусга кўчирилган нусхаси Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда марказ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, экспозициядан энг муҳим тарихий хатлардан бири – Рим императори Ҳирақлюсга (Гераклиюс) юборилган мактубнинг илмий асосланган реконструкцияси жой олади. Шу билан бирга, Эфиопия, Миср, Баҳрайн, Омон ҳукмдорлари, Форс шоҳига юборилган мактублардан нусхалар ўрин олиши кутилмоқда.

Мусулмонлар идораси берган маълумотларга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом Византия, яъни Шарқий Рим императори Ҳирақлюсни Ислом динига даъват этиб ёзган мактуб Иорданиядаги “Қирол Ҳусайн” масжиди музейида сақланади.

Ҳирақлюсга мактуб ҳижрий 7 йилнинг муҳаррам ойида, милодий 628 йилда ёзилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия раҳбари Ҳирақлюсга йўллаган даъват мактубининг ўзбек тилидаги мазмуни қуйидагича:

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Румнинг каттаси Ҳирақлюсга:

“Тўғри йўлга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд, мен сени Ислом динига даъват этаман. Исломга кирсанг, жонинг омонда бўлади. Мусулмон бўл, Аллоҳ сенга икки ҳисса ажр беради. Ва агар Ислом динини қабул қилишдан бош тортсанг, арийсийлар, яъни халқингнинг гуноҳи сенинг гарданингга тушади”.

Пайғамбар алайҳиссалом томонидан худди шундай даъват мактублари Рум қайсари билан бир вақтда Эрон кисросига, Ҳабашистон Нажошийсига, Миср азизига, Ғассон амирига ва Ямома маликига ҳам саҳоба элчилар орқали юборилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.