17.10.2024 13:08
Қозоғистондаги ЙТҲда 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 16 октябрь куни Қозоғистонда олти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тафсилотларини маълум қилди.
Қайд этилишича, 16 октябрь куни соат 07:30 да Бейнеу — Тажен йўлида ичида 10 киши бўлган Jac автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Автомобиль чегарадан ўтиш учун навбатда турган юк машинасига келиб урилган. Натижада 6 киши ҳалок бўлган, қолган тўрт нафар йўловчи Бейнеу туман марказий касалхонасига ётқизилган. Жабрланганларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.
ТИВ маълумотларига кўра, ҳалок бўлган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган.
«Ақтаудаги бош консуллик ходимларимиз уларнинг қариндошлари билан боғланишди. Бугун улар Қозоғистонга келишади. Яқин кунларда жасадлар Ўзбекистонга олиб келинади. Шифохонада ётган тўрт нафар фуқаромизнинг аҳволи яхши, деб баҳоланмоқда. Улар шифохонадан чиққанларидан кейин Ўзбекистонга қайтади. Бош консуллик ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ишламоқда, муаммолар йўқ», — дейилади хабарда.
Ҳалок бўлганларнинг барчаси — уч эркак, бир аёл ва икки нафар бола Хоразм вилоятидан бўлган. Бир эркак, бир аёл ва икки бола касалхонада.
Маълумот учун, кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари арзон бўлгани учун Россияга бориб-келишда ер усти транспорт воситаларидан фойдаланишни маъқул кўришади. Бироқ бу йўл анча хавфли ҳисобланади.