17 июль, чоршанба куни Қозоғистонда “Бiрлестiк-2024” халқаро тезкор-тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий раҳбарияти Каспий денгизидаги Тўқмоқ бурнига етиб келди ва машғулотларнинг сўнгги тактик эпизодини кузатди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилади.

Дунёнинг 15 давлати ҳарбий атташе аппарати вакиллари ҳам иштирок этган тантанали маросимда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга медаллар ва қимматбаҳо совғалар топширилди, шундан сўнг шахсий таркиб минбар олдидан тантанали юриш билан ўтди.

Эслатиб ўтамиз, “Бiрлестiк-2024” қўшма машғулотлари "Оймаша" полигони, Қорақия туманидаги Тўқмоқ бурни ва Каспий денгизининг Қозоғистон акваториясида ўтказилди.

Каспий денгизи соҳилларида ўтказилган машғулотларда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирок этди. Россия ва Эрон таклиф қилинмади.

Қўшма манёврларга жами 4 минг нафар ҳарбий хизматчи, 700 тагача қурол ва ҳарбий техника жалб қилинди.

Мавзуга алоқадор