Қозоғистон раҳбари ёш тадқиқотчиларга уй совға қилди
Қозоғистонда ядровий илм-фанни ривожлантириш стратегик мақсадлардан бири сифатида белгиланди. Kaztag.kz нашрининг хабар қилишича, президент Тоқаев мамлакат атом энергетикаси, ядровий тиббиёт, водород энергетикаси ва сунъий ёқилғи ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Манбага кўра, сўнгги йилларда мамлакатда илм-фанга ажратилаётган маблағ ҳажми 3,5 баробарга ошган. Бугунги кунда Қозоғистонда 25 мингдан ортиқ олим фаолият юритмоқда, уларнинг ярми 40 ёшдан кичик.
Шунингдек, илмий лойиҳаларга 14,5 миллиард тенге миқдорида хусусий инвестициялар жалб қилинган ва натижада 2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган, дейилади хабар матнида.
Президент Тоқаев университетлар ва бизнес вакилларини илмий марказлар билан янада яқиндан ҳамкорлик қилишга ундади ва олимларни тақдирлаш маросимида у ёш тадқиқотчиларга уй калитларини ҳам совға қилди.