Қозоғистон Афғонистоннинг ер ости бойликларини қазиб олиши мумкин
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманқариннинг маълум қилишича, Қозоғистондан геологлар гуруҳи Афғонистонга юборилган. Улар бу ерда қаттиқ фойдали қазилмалар мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни ўрганишади.
Вазирга кўра, ERG Exploration, Kazakhmys Barlau va Kazatomprom каби йирик компаниялар ушбу истиқболли конларни излаб топиш ва уларга сармоя киритишга қизиқиш билдирган.
Афғонистон томони ўз навбатида, қозоғистонликларни қизиқтираётган табиий ресурслар бўйича тасдиқланган заҳиралар ҳақида зарур маълумотларни тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, вазирнинг Қобулга амалга оширган расмий ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида умумий қиймати 140 миллион АҚШ долларидан ортиқ шартномалар имзоланган.
Томонлар яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, шунингдек, инвестициялар ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш борасида келишувга эришган.
“Афғонистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида муҳим логистика марказига айланиши мумкин. Қозоғистон эса озиқ-овқат, замонавий технологиялар, машинасозлик, кимё саноати ва IT маҳсулотларининг ишончли етказиб берувчиси бўлишга тайёр”, дея таъкидлаган Серик Жуманқарин.