Қирғизистон президенти маъмурияти хорижликларга қарши жиноятлар учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу таклиф 17 майдан 18 майга ўтар кечаси Бишкекда рўй берган воқеалардан сўнг, хорижлик фуқароларга қарши намойиш жиддий тўқнашувга айланганидан кейин пайдо бўлди. Ўшанда 29 нафар хорижлик – покистонлик талабалар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганди. Маъмуриятнинг қайд этишича, учинчи шахслар бу воқеадан фойдаланиб, меҳмондўстлиги билан машҳур мамлакат обрўсига путур етказган.

Тушунтириш хатида Бишкекдаги ушбу воқеалардан келиб чиқиб, чет эл фуқароларининг соғлиғи ва мулкига зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

Қонун лойиҳасида Жиноят кодексининг олти моддасига хорижликларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича алоҳида қоидаларни қўшиб, ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.

Белгиланаётган жазо чоралари:

1. Баданга оғир шикаст етказиш - 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

2. Соғликка унчалик оғир бўлмаган зарар етказиш (шу жумладан уюшган гуруҳ томонидан содир этилган жиноятлар) - 5 йилдан 8 йилгача қамоқ.

3. Ўғирлик - мол-мулки мусодара қилиниб, 7 йилдан 10 йилгача қамоқ.

4. Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилган мол-мулкни талон-торож қилиш - мусодара қилиниб, 5 йилдан 8 йилгача.

5. Талончилик - мусодара билан саккиз йилдан 12 йилгача қамоқ.

6. Уюшган гуруҳ томонидан содир этилган талончилик - мусодара билан 11 йилдан 15 йилгача қамоқ.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг мақсади хориж фуқаролари ҳимоясини кучайтириш ва келажакда шу каби ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат.

Мавзуга алоқадор