20.01.2024 10:08

Қасим-Жомарт Токаев Рим папаси Франциск билан учрашди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев Ватиканда католикларнинг маънавий етакчиси - Рим папаси Франциск билан учрашди. Президент маъмурияти баёнотига кўра, Токаев Италияга ташрифининг иккинчи куни Рим папаси Франциск билан учрашган.

Учрашув чоғида Токаев кўп конфессияли Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг йирик католик жамоати истиқомат қилишини айтди.

“Мамлакатимизда турли дин вакиллари ўз диний бурчларини ўз зиёратгоҳларида бажаришлари мумкин. Диний эркинлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш сиёсатимизнинг ажралмас қисмидир”, - деди у.

Қайд этилишича, Токаев Рим папаси Францискга дунёдаги можароларга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

“Ҳозирги геосиёсий нотинчлик бутун глобал хавфсизликка путур етказмоқда ва инсониятга улкан азоб-уқубатлар ва иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Қозоғистон масъулиятли давлат сифатида глобал тинчлик ва хавфсизликни сақлашга катта ҳисса қўшмоқда. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сайёрамизнинг турли қайноқ нуқталарида тинчликпарварлик миссияларида қатнашамиз”, - дея қўшимча қилди у.

Рим папаси Франциск ҳам Токаевга тинчлик ва барқарорликка қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Токаев Ватиканнинг давлатлар билан алоқалар бўйича котиби (ташқи ишлар вазири) Пол Ричард Галлагер билан ҳам учрашди, шунингдек, Ватикан музейига ташриф буюрди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.