28.11.2024 08:26

Путин давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди

Остонада муҳим ташриф арафасида йўллар тўсилиб, ҳарбий самолётлар осмонга кўтарилди. Самолётлар осмонда Россия байроғи тасвирини ҳосил қилди. "Оқўрда" қароргоҳида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Музокараларнинг асосий мавзуси энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари бўлди.

“Бу, ҳеч қандай муболағасиз, стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг жуда мустаҳкам пойдеворига асосланган давлатлараро муносабатларимиздаги ўта муҳим воқеадир”, - дея таъкидлаган Токаев Қозоғистон қийин пайтларда ҳам Россиянинг ишончли стратегик шериги бўлиб қолаётганини тилди.

Ташриф доирасида 20 та муҳим ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. “Бугун биз жуда муҳим ҳужжатларни қабул қиламиз – булар 20 та битим бўлиб, улар яхши қўшничилик ва ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга қўшимча кучли туртки бериши шубҳасиз”, — деди Қозоғистон президенти.

Ўз жавобида Владимир Путин икки томонлама ҳамкорликдаги муваффақиятларни қайд этди: “Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми қарийб 28,5 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистон иқтисодиётида йиғилган сармоялар ҳажми 13 миллиард долларга етди”. Россия раҳбари гуманитар алоқалар ривожига алоҳида тўхталиб, Россияда энг кўп чет эллик талабалар Қозоғистондан таҳсил олаётганини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари саноат, энергетика, нефть-газ, транспорт, логистика, шунингдек, таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди. Путин, шунингдек, Токаевни йил охирида Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувига ва Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга таклиф қилди.

Путин Остонага ташрифининг иккинчи куни, 28 ноябрда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Кенгаши сессиясида иштирок этади. Ташкилотга Қозоғистон раислик қилади. КХШТ бош котиби Имангали Тасмагамбетов Россиянинг ТАСС агентлигига берган интервьюсида сессиянинг асосий мавзуси нима ҳақида бўлишини тушунтирди. Хусусан, КХШТ Кенгаши йиғилишида асосий ҳужжат – тожик-афғон чегарасини ривожлантириш бўйича мақсадли давлатлараро дастур қабул қилинади.

Тасмагамбетов Афғонистон муаммоси Марказий Осиё хавфсизлиги учун ушбу соҳанинг стратегик аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. “Дастур КХШТ мамлакатларига чегара хавфсизлигини биргаликда мустаҳкамлаш, минтақа давлатлари учун қўшимча ҳимоя даражасини таъминлаш имконини беради”, - деди Тасмагамбетов.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.