25.03.2025 17:33

Президент Мирзиёев “Кўксарой”да ифторлик ўтказди

Бугун, 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Кўксарой” қароргоҳида ифторлик тадбирини ўтказди. Тадбирда давлат раҳбари сўзга чиқиб, Рамазон ойининг муқаддаслиги, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритди.


Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда миллати, тили ва динидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани, айниқса, виждон эркинлигига оид конституциявий ҳуқуқлар тўлиқ рўёбга чиқаётганини алоҳида таъкидлади. 


Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси каби улкан илмий-маънавий лойиҳалар амалга оширилаётганини маълум қилди.


Мирзиёев, шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экологик муҳитни яхшилаш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш ҳамда ёш авлодни ёт ғоялардан асраш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.


Тадбирда хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар раҳбарлари ҳам иштирок этиб, мамлакатдаги диний бағрикенглик, тинчлик ва тотувлик тамойилларини юксак баҳолашди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.